Ўзбекистонлик Азиз Шоҳакимов Австрияда энг яхши дирижёр деб тан олинди

12:22, 11 август

Австриянинг Зальцбург шаҳрида анъанавий ёш дирижёрлар танлови ўтказилди.

Унда ҳамюртимиз Азиз Шоҳакимов иштирок этиб, Conbrio, Йорг Видманнинг қисқартирилган турларини ижро этди. Танлов президенти Пласидо Доминго бошчилигидаги ҳакамлар Азизни ғолиб деб эълон қилди, деб ёзади MyDay нашри.

Танловнинг мукофот жамғармаси 15 минг еврони ташкил этади.

Энди ўзбекистонлик дирижёр ўзининг лауреатлик концертини 2017 йил 5 август куни Зальцбург шаҳрида Вена радиоси симфоник оркестри билан биргаликда тақдим этади.

Азиз Шоҳакимов 1989 йилда Тошкентда туғилган. У В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабини ҳамда Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган.

Бунга қадар Азиз Шоҳакимов Малер номидаги дирижёрлар халқаро танловида ғолиб бўлган. У ҳозирда Deutsche Oper am Rhein (Райндаги немис операси театри, Германия)да дирижёр бўлиб фаолият кўрсатади. 2012 йилга қадар эса Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг бош дирижёри бўлиб келган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!