“Пахтакор-79” фожеасига 37 йил тўлди

14:33, 11 август

Бундан роппа роса 37 йил аввал – 1979 йилнинг 11 август кунида Украинанинг Днепродзержинск тумани осмонида авиаҳалокат рўй берган эди. Ўша машъум куни ўзбек футболининг 17 юлдузи – пахтакорчилар кўкларда қолиб кетди.

Хотира – муқаддас. Бугун, 11 август куни "Пахтакор-79" жамоаси хотирланади. Ўз вақтида ўзбек футболи намояндаси бўлган ушбу жамоа том маънода халқ жамоаси эди. Шу боис самода сочилган футболчиларимиз доимо эсланади, бу жамоа мухлислар қалбидан бир умрга жой олган.

Мана шу муносабат билан, ушбу санада, Тошкентда бир неча тадбирлар ўтказилди. Аввалига, 09:00да футбол жамоатчилиги “Пахтакор” стадиони ҳудудида жойлашган “Пахтакор-79” ёдгорлиги олдида жамланади. Стадион ҳудудида жойлашган “Пахтакор-79”  ёдгорлиги ёнида бўлган хотирлаш маросими якунлангач, йиғилганлар авиафалокат оқибатида дунёдан кўз юмган “Пахтакор” футболчилари дафн қилинган Боткин қабристонига ташриф буюришди.

Тадбирларда Ўзбекистон футболи фахрийлари, авиаҳолакат оқибатида ҳаётдан кўз юмган футболчилар билан бирга фаолият олиб борган Тўлаган Исоқов ҳамда Наримон Жалолов сўзга чиқиб, мархум пахтакорчиларни хотирлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!