Юнусобод туманида рўй берган ЙТҲда ёш бола тан жароҳати олди (фото)

15:22, 11 август

Пойтахтимиз кўчаларида кундан-кунга ЙТҲлар сони ошиб бормоқда, деб хабар берди “Nuz.uz” нашри.

Кеча соат 18.30да Юнусобод туманида бир пайтнинг ўзида тўрт машина — Lacetti, Nexia, Spark ва Mazda иштирокида автоҳалокат содир бўлди. “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари Facebook ижтимоий тармоғига воқеа жойидан олинган суратларни жойлаштиришди. 

Автоҳалокатга қайси автомобиль сабабчи бўлгани ҳозирча номаълум. Баъзи бир гувоҳларнинг маълумот беришича, ЙТҲга Lacetti ҳайдовчисининг тезликни ошириб, бошқарувни йўқотгани сабаб бўлган. Бошқа гувоҳлар эса Mazda автомобилини бошқараётган қизнинг мумкин бўлмаган жойдан автомашинани бурганлигини сабаб қилиб кўрсатишмоқда. ЙТҲ оқибатида Lacetti автомашинаси ҳайдовчиси ва ёш бола тан жароҳати олган.  

“Фақатгина Lacetti ҳайдовчиси эмас, балки Spark нинг орқа ўриндиғида ўтирган ёш бола ҳам жароҳатланди. Lacetti катта тезликда учиб келиб, биз ўтирган Nexiа га, сўнг Sparkка урилди. Кейин уни Mazda суриб кетди. Тезликни оширишни бас қилинг!!! Бундан нафақат ҳайдовчилар, балки бошқалар ҳам жабр кўрмоқда!!! Айниқса болалар!!! Тан жароҳати олган бола жудаям кичкина эди!”, деб ёзибди автоҳалокатга гувоҳ бўлган қиз Facebook ижтимоий тармоғида. 

ЙТҲ лар ҳақида сўз юритган “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари сўнгги пайтларда пойтахтимиз кўчаларида автоҳалокатлар сони ортиб бораётганини таъкидлашган. Фойдаланувчиларнинг маълумот беришича, кечанинг ўзида улар бир неча ЙТҲларга гувоҳ бўлишган. Масалан, “Қозоғистон” кинотеатри чорраҳасида автобус билан Lacetti тўқнашган бўлса, Олмазор метроси олдида Matiz дарахтга урилган, “Новза” метроси олдида Damas, Opel ва Matizларнинг тўқнашуви оқибатида ЙТҲ содир этилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!