Тайланднинг курорт шаҳарларида бир қатор портлашлар бўлди

10:08, 12 август

Тайланднинг сайёҳлар дам олувчи курорт шаҳарларида бугун бир қатор портлашлар юз берди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Пхукет оролидаги полиция маҳкамасида, Сурат Тхани (ҳудудида Самуи ороли бўлган вилоят марказидан бири) ва Хуахин шаҳарларида портловчи қурилма ишга тушган.

Маълумотларга кўра, Сурат Тханида бир киши ҳалок бўлган, беш киши яраланган, Хуахинда тўрт киши, Пхукетда бир киши тан жароҳати олган. Жабрланганлар касалхонага ётқизилган.

Пхукет шаҳридаги пляжлардан бирига қўйилган портловчи қурилма зарарсизлантирилган.

11 август куни Хуахин курорт шаҳрида икки марта портлаш юз берган. Биринчи портлаш кечаси 23:10 да барлардан бирида содир бўлган бўлса, орадан бир соат ўтгач, спиртли ичимликлар сотиладиган дўкон ёнида ҳам портлаш рўй берган. Полициянинг маълумот беришича, бомба ўсимликлар экилган тувакларга жойлаштирилган ва мобиль алоқа воситаси орқали портлаш амалга оширилган.

Портлаш оқибатида умумий ҳисобда 1 киши ҳалок бўлган, 20 киши, шу жумладан, чет эллик — Буюк Британиядан 2 нафар аёл, Германиядан 1 аёл, Нидерландиядан 2 эркак сайёҳлар тан жароҳати олган. Қолган жабрланганларнинг ҳам шахси аниқланмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!