Мажит Каримов бош вазир ўринбосари этиб тайинланди

10:12, 12 август

ТДТУ ректори вазифасида ишлаган Мажит Каримов бош вазирнинг ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича ўринбосари бўлди, деб хабар берди “Газета.уз” нашри.

Мажит Каримов бош вазирнинг ўринбосари, Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳукумат порталимаълумотлари гувоҳлик бермоқда.

Техника фанлари доктори, профессор Мажит Каримов (1956 йил туғилган) бунга қадар Тошкент давлат техника университети ректори лавозимида фаолият кўрсатган.

Мазкур ОТМ сайти маълумотларига кўра, у Тошкент политехника институтининг «Автоматлаштирилган бошқарув тизимлари факультети"ни тамомлаган (1979 йил). Турли йилларда ТДТУ компьютер технологиялар факультети декани, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Тошкент ахборот технологиялари университети проректори ва ректори лавозимларида фаолият кўрсатган.

Нашрнинг маълумот беришича, Фарҳод Ризаев Тошкент давлат техника университети ректори этиб тайинланди. У бунга қадар Вазирлар маҳкамасининг ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича Ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида бош вазирнинг ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича ўринбосари Баҳодир Ҳодиев Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори этиб тайинланган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!