Ҳурматнинг чегараси яшил чироқ ёнгунчами?

11:36, 15 август

Бугун Тошкент дунёнинг энг гўзал ва яшаш учун қулай шаҳарларидан бирига айланиб улгурди. Осмонўпар бинолар, боғу-роғлар, кўпригу-йўллар қурилиб, пойтахтимиз қиёфаси йилдан-йилга янгиланиб, ўзгача тароват касб этмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биргина транспорт тизимини олиб қарасак, йўловчиларга барча шароитлар яратилган. Замонавий автобуслар ва таксилар уларнинг узоғини яқин қилмоқда. Шунингдек, шахсий автоулавларнинг сони аввалгидан бир неча баробар кўпайган. Бу эса бевосита фаровонлигимиз ошиб бораётганини кўрсатади.

Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида аҳоли турмуш тарзини янада юксалтириш мужассамлиги бошқа ҳамюртларимиз сингари мени ҳам қувонтиради албатта. Лекин минг афсуски, айрим ҳайдовчиларнинг ўзаро ҳурмат қоидаларига амал қилмаслиги, светофор яшил чироғи ёнар-ёнмас тинимсиз сигнал чалишлар, йўл бермаслик каби салбий иллатлар кишининг кайфиятига, руҳиятига таъсир ўтказиб, дилини хира қилади. 

Яқинда Учтепа туманидаги кичик чорраҳалардан бирини кесиб ўтаётган эдим, мендан уч-тўрт метрча орқароқда иккита болакай келяпти:  кўринишидан учинчи-тўртинчи синфлар бўлса керак... Светофорнинг пиёдалар учун яшил чироғида ҳаракатланиб келяпмиз. Мен йўлни кесиб ўтдим,  болаларнинг ўтишига атиги бир метрча масофа қолган. Узоқдан шошиб келаётган оқиш “Матиз” автомашинаси келиб, секинлашди-да, олтмиш ёшлар чамаси ҳайдовчи ойнадан  бошини чиқариб,  “тез-тез ўт-е....” деб сўкиб ўтиб кетди. 

Икки норасида бир-бирига қараганча, ночор елкаси қисиб йўлларида давом этди. Уларга раҳмим келди. Ҳайдовчининг ўзини тутишидан ғазабландим. Тўғриси, ўша куни кун бўйи кайфиятим бузилиб, ҳайдовчининг сўкингани қулоғимдан кетмай, ғалати бир аҳволда юрдим. Алам қиларли жиҳати, болалар йўлни светофорнинг йўловчилар учун белгиланган  яшил чироғида кесиб ўтганди.

 Балки, ҳайдовчи шошаётгандир, лекин нима бўлганда ҳам қонун-қоида барча учун баробар-ку? Қолаверса, ҳар қандай вазиятда ҳам набиралари тенги, балки улардан ҳам ёшроқ мурғак болакайларни сўкиш аҳмоқлик ва фаросатсизликнинг энг юқори кўриниши бўлса керак. 

Яна бир мулоҳаза: ҳар куни ишга автобусда қатнайман. Автотранспорт бошқараётган пайтда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлса-да, кўпчилик ҳайдовчилар телефондан бемалол фойдаланади.  Автобус ҳайдовчиларининг баъзиларида маданият етишмайди, телефонда кимларнидир сўкиб, дуч келган гапларни айтишдан ўзини тиймайди. Автобус салонида одам борми-йўқми, уларга фарқи йўқ. На кексани, на аёлларни ва на ёш қизларни билишади. Оғзига келган уятсиз гапларни бемалол бақириб айтаверади. Йўловчиларнинг олдида  бошқа йўналишдаги  ҳайдовчилар билан одам талашиб, сўкишиб, ҳатто ёқалашиб юрганларига ҳам гувоҳғ бўлганмиз.  

Тан олиш керак, ҳайдовчиларнинг орасида инсофли, диёнатли, бошқаларни ҳурмат қиладиганлари кўп. Аммо, эрталаблари пойгабозлик, кечки пайт бир бирининг йўлини тўсиш билан овора бўлаётган ҳайдовчилар кўпчилик йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.   

Биргина, Чилонзор метросидан чиққандаги бекатда деярли ҳар куни 8-автобус ҳайдовчилари 125-сони  ёки бошқа автобусларнинг йўлини тўсиб, уларнинг  олдинроқ  ҳаракатланишига йўл бермайди. Натижада, ишдан уйига шошаётган йўловчилар жабрланмоқда. Камида ярим соат кутишга тўғри келяпти. 

Йўлларимиз таъмирланаётган, кенгайтирилаётган, янгилари қурилаётган автоуловда ҳаракатланиш учун барча шароитлар муҳайё бир пайтда, шахсий автоулов ҳайдовчилари орасида аёл ва эркак, кекса, ёш қўйинки ҳар бир тоифа вакилларидан иборат бўлган, фақатгина ўзини ўйлайдиганлари, атрофдагиларни назар-писанд қилмайдиган ҳудбинлари кўплаб учраётгани ачинарлидир.    Беихтиёр ўйга толасан: “бугунги ҳайдовчилар бир-бирларини светофорнинг яшил чироғи ёнгунча ёки бир марта сигнал чалингунча, мажбурлигидан ҳурмат қилмоқдами?

Кўринишидан туппа-тузук, башанг кийинган ҳайдовчи эркаклару хушбичим хотин-қизларнинг олдидаги машинага сигнал чалиб қулоқни қоматга келтираётгани, йўл талашиб ким биландир жанжаллашаётгани, “энг янги” сўкишларни бошқаларга “тортиқ” этаётгани   нимаси?

Балким улар ўз оиласида, яқинларига ҳам шундай муомалада бўлар? Уларнинг фарзандлари ва набиралари ҳам ўзлари каби бадхулқ, сўконғич ва зўравон бўлиб етишар? Шунинг учун ҳам охирги пайтларда ёш болаларда ҳам сўкиниб гапириш ҳоллари  учраётгандир? Ушбу тоифадаги кишиларни ҳеч иккиланмасдан жамият илдизига тушган қуртлар дейиш мумкин. 

Ким қаерда ишламасин, ҳамманинг мақсади инсонларга нафи тегиш, бировларнинг оғирини енгил қилиш, халққа муносиб хизмат кўрсатиш, юрт фаровонлигига ҳисса қўшиш эмасми!?

ЭЛБЕК

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!