Китоб ўқиш умрни узайтириши аниқланди

12:02, 16 август

Америкалик олимларнинг аниқланишича, инсон ёши улғайгач, қанча кўп китоб ўқиса, умри шунча узаяди. Бу ҳақда “Сегодня.ua” хабар бермоқда

Олимларнинг тадқиқотида 3635 нафар 50 ёшли ва ундан катта бўлган кишилар иштирок этди. Улар 12 йил мобайнида олимларнинг кузатуви остида бўлишди. 

Тадқиқот натижасида олимлар китоб ўқиган кишилар мутолаа билан шуғулланмаган тенгдошларига қараганда ўртача ҳисобда 23 ой кўпроқ яшашади. 

Тадқиқот иштирокчилари 3 гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳга ҳафтада 3,5 соат китоб ўқийдиган кишилар, иккинчи гуруҳга ҳафтада 3,5 соатдан камроқ китоб ўқийдиган кишилар, учинчи гуруҳга эса умуман китоб ўқимайдиган кишилар киритилган.

Натижада эса китоб мутолаасига энг кўп вақт ажратадиган гуруҳга мансуб кишиларда ҳаётдан кўз юмиш эҳтимоли умуман ўқимайдиганлар гуруҳига нисбатан 23 фоизга камроқ эканлиги аниқланди. Ўртадаги гуруҳда эса узоқ умр кўриш имкони 17 фоизни ташкил этди.

Тадқиқот муаллифларидан бири Авни Бавишининг сўзларига кўра, тадқиқот иштирокчилари қанча кўп китоб ўқиса, шунча узоқ яшаган.

“Бироқ, бир кунда 30 дақиқа китоб ўқиш ҳам инсон умрини узайтиради”, дейди у.

Бундан ташқари, олимлар инсон узоқ умр кўриши учун фақатгина китоб ўқиши кераклигини таъкидлайди. Газета ва журналлар ўқиш эса бундан мустасно.

Келажакда олимлар ўқишнинг инсон саломатлиги учун қандай фойда келтиришини ва электрон ва аудиокитоблар қандай самара беришини аниқлашни режалаштирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!