Трамвайлар олиб ташланди, энди ойлик йўл чиптаси арзонлашадими?

12:54, 16 август

Нега мактаб ўқувчилари талаба ва пенсионерларнинг ойлик йўл чипталари нархи трамвайлар қатнови олиб ташлангандан кейин ҳам аввалгидек 60 минг сўмлигича қолди. Ахир умумий чипта нархи 120 мингдан 96 минг сўмгача арзонлашдику? Ойлик йўл чипталари нархи нимага асосан, қай тартибда ҳисобланади?

Николай Волик, Тошкент ш.

О.СОДИҚОВ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2016 йил 5 апрелдаги 102-сон қарорига мувофиқ, пойтахтимизда жорий йилнинг 2 майидан трамвай маршрутлари ёпилиб, ўрнига автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Юқоридаги норматив ҳужжат асосида ҳукуматимизнинг 2012 йил 17 сентябрда қабул қилинган “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташувчилар фаолиятини ҳамда уларни молиялаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 273-сон қарорига қўшимча ва ўзгартишлар тайёрланяпти. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан ойлик йўл чипталарининг янги нархлари белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш ҳақини тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан йўл қўйиладиган доирада белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади. Шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташишнинг йўл қўйиладиган доирадаги тарифлари даражаси иқтисодий асосланган ташиш харажатларидан ва йўловчилар ташиш хизматларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланади. Тошкент шаҳрида йўловчи транспорти (автобус, метрополитен ва маршрут таксилар)да йўл ҳақи тарифлари қонун ҳужжатларига мувофиқ, шаҳар ҳокимининг Молия вазирлиги билан келишилган қарори билан белгиланади.

Шунингдек, “ФВВ бузуқ эшик очадими?”, “Раҳбар ишга қабул қилмасликка ҳаққи борми?”, “Нодавлат институтлар мавжудми?”, “Маҳсулотни реализация қилиш тартиби қандай?”, “Ҳайдовчилик гувоҳномаси қаердан олинади?” каби саволларга “Даракчи” газетасининг 18 августда сотувга чиқадиган 33-сонида жавоб олишингиз мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!