Муниса Ризаева: “Ҳеч қачон Канизанинг услубида кийинмайман”

14:47, 16 август

“Даракчи” газетасининг “Қисқа ва лўнда” лойиҳасида иштирок этган хонанда Муниса Ризаева қизиқарли саволларга қисқа ва лўнда жавоб берди. 
 
Мавсум янгилиги
— Айни кунларда Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, "Менинг юртим" телеканали ҳамда “Севимли-ТВ.УЗ” онлайн интернет канали “Менинг юртим – менинг фахрим!” акциясига тайёргалик кўряпмиз. Бугун лойиҳа продюсери билан гаплашдим. У ерда “Лол қоламан” қўшиғим билан иштирок этишни келишиб олдик. Шунингдек ҳозирда йирик продюсерлик маркази ташкил этишга тайёргарлик ишлари ҳам кетмоқда. Продюсерлик маркази қошида болалар 5-6 ёшдан қабул қилиниб мусиқий билим олишлари ва катта саҳнага қадам қўйишга тайёрланишлари мумкин. Марказ қошида яна, киностудия ташкил этиш ҳам режалаштирилган. У студия суратга оладиган фильмларнинг бош ролларида фақат ўзим бўламан. Бундан ташқари рақс, клипмейкерлик каби бир қанча соҳалар бўйича фаолият юритилади. Тез кунларда эса “Гулғунча” қўшиғини клипи билан биргаликда премьера қилмоқчиман. Яна бир муҳим янгилик, 20 август куни “Мунис” номли либослар коллекциясининг намойиши ва дўконимнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтади. 

Ёлғон
— Суҳбатдошим алдаётганини сезсам, сабр билан гапларини эшитаман. Кейин гаплари нотўғри эканлигини исботловчи далилларни ўзига кўрсатиб, индамай кетаман. Масалага ойдинлик киритиб, вақтимни кетказишим шартмас. Бундай инсонлар билан қайтиб гаплашмайман. 

Роль
— Фильмларда ҳам, клипларда ҳам, ҳар қандай образда кўринишим мумкин. Режиссёр менга қўйган талабни тўлақонли бажараолишимга ишонаман. Аммо сценарий бўйича қаҳрамон вафот этадиган бўлса, бундай ролни ҳеч қачон ўйнамайман. Роллар ҳаётимизда қайтарилиши мумкинлигидан қўрқаман. 

Стил
— Доим ўзимга қулай либос танлашга ҳаракат қиламан. Ҳатто саҳнага чиққанда ҳам, тўй-маросимлардаги хизматларда ҳам. Лекин шу билан бирга ноодатий, бошқаларда қайтарилмаган ва антиқа усулларни танлайман. Лекин ҳеч қачон Канизанинг стилида кийинмайман!

Севги
— Агар севиб қолсам, муносабатимни биринчи бўлиб изҳор қилишдан уялмайман. Аксинча, кўнглим бўлмаган одамга сени севмайман, деб айтишдан қўрқмайман. 

Ожиза
— Табиатдан жуда иродалиман. Ҳатто баъзида мен қиз бола эмас, ўғил бола бўлиб туғилишим керак эди деб ўйлаб қоламан. Аммо ота-онамнинг олдида ожиза, ҳимоясиз болага айланиб қоламан. 

Тасаввуримдаги оилавий сурат
— Турмуш ўртоғим гавдали, келишган йигит бўлишини орзу қиламан. Худо хоҳласа, уч ўғил, икки қизимиз бўлади. Мен ўша пайтда ҳам ишбилармон аёл бўлиб юрсам керак. 

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!