“Мафтунингман-2” кинофильми учун актёрлар танлови якунланди

16:46, 16 август

Хабарингиз бор, “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан тайёрланаётган ишчи номи “Мафтунингман-2” кинофильмида иштирок этиш учун актёрлар танлови (кастинг) бутун мамлакатимиз бўйлаб, яъни Қорақалпоғистон республикаси ва барча вилоятларда жорий йил 11 июлдан 28 июлгача, шунингдек, Тошкент шаҳрида 2 августдан 15 августгача ўтказилиши ҳақида маълумот берилган эди. Биз компания мутасаддиларидан ушбу жараён якуни ҳақида сўрадик.

-  Ҳамюртларимиз орасида катта қизиқиш уйғотган, ишчи номи “Мафтунингман-2” кинофильмида иштирок этиш учун актёрлар танлови (кастинг) якуни ҳақида маълумот берсангиз.

- Аввал маълум қилганимиздек, кастинг жараёнлари кутилганидек ҳамюртларимизнинг катта қизиқиши ва фаол иштироки билан ўтди. Нукус, Навоий, Термиз, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Гулистон, Урганч, Бухоро, Қарши, Жиззах, Наманган ва Қўқон шаҳарларидан сўнг кастинг пойтахтимиз Тошкентда 2 ҳафта давом этди. Фурсатдан фойдаланиб компаниямиз томонидан ушбу жараёнда иштирок этган минглаб ҳамюртларимизга ўзимизнинг самимий миннатдорлигимизни билдирамиз!

- “Мафтунингман-2” кинофильми учун иштирок этганлар орасидан актёрларни танлаб олиш жараёни қандай кечади ва умуман, фильм сценарийси ҳақида маълумот бера оласизми? 

- “Мафтунингман-2” ижтимоий лойиҳа эканлигига кастингда бевосита иштирок этган ҳамюртларимизнинг ўзлари гувоҳ бўлгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Бир масалага алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Ушбу кастинг фақатгина “Мафтунингман-2” кинофильми учун хизмат қилмайди. Яъни, “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта лойиҳалар ишга туширилмоқда. Келгусида, турли жанрларда тайёрланадиган мазкур кинофильмларимизга ҳам яқинда бўлиб ўтган кастингда иштирок этган ҳамюртларимиз орасидан номзодлар танлаб олинади. Демакки, салкам икки ой давом этган кастинг компаниямиз маълумотлар базаси сифатида шаклланди. Унда ўз иқтидорини намоён этган ҳар бир ҳамюртимиз ҳақидаги маълумот ҳамда видео ва фотоматериаллардан 5 йил давомида мақсадли фойдаланилади. 

Энди “Мафтунингман-2” фильми учун актёрлар танлаб олиш жараёнига тўхталсак. Бу жараён бевосита сценарийга боғлиқ. Аниқроқ айтганда, бугун сценарий нуфузли ижодкорларимиз томонидан қайта ишланмоқда. Нега қайта ишланмоқда? Биз мамлакат бўйлаб ўтказилган кастингдан сўнг сценарийга ўзгартиришлар киритишга қарор қилдик. Боиси, кастинг давомида фавқулодда қобилиятга эга ҳамюртларимиз санъати ва чиқишларига гувоҳ бўлдик. Ва айнан уларнинг истеъдодини сценарийда акс эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Сценарий қайта ишланаётгани учун у ҳақда Сизга батафсил маълумот тақдим эта олмаймиз. Бу сир. Кинофильм томошабин ҳукмига ҳавола этилганда бу сирдан воқиф бўласиз.

Айнан “Мафтунингман-2” кинофильми учун актёрлар танлови натижаларини эса, жорий йил сентябрь ойидан бошлаб иштирокчиларга маълум қиламиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!