Ягона портал орқали электрон хизматларни кўрсатишнинг янги тартибига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

17:59, 16 август

2016 йилнинг 16 август куни Алоқа тарихи музейида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томондан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги “Электрон ҳукумат тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 188-сонли қарори билан қабул қилинган Ягона портал орқали электрон хизматлар кўрсатишнинг янги тартиб-таомилларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида жорий йилнинг июнь ойида кучга кирган Ўзбекистон республикасининг “Электрон ҳукумат” тўғрисидаги қонуни, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашинишини таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш ҳақида сўз юритилди.

2013 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган Ягона портал орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматлар сони бугун 280 турдан ортган. Бугунги кунда ушбу электрон давлат хизматларидан 730 мингдан зиёд маротаба фойдаланилган бўлиб, фойдаланувчиларнинг 44 фоизи (326 мингдан зиёд) аҳолига ва 56 фоизи (412 мингдан зиёд) тадбиркорларга тўғри келган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Ягона порталнинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Қарорга кўра, электрон давлат хизматлари фойдаланиш учун қулай, ариза берувчиларнинг эҳтиёжлари ҳамда манфаатларига мос келиши керак.

Матбуот анжуманида электрон хизматлар кўрсатиш тизимининг такомиллашуви, давлат хизматлари кўрсатишнинг ошкора ва умумфойдаланадиган механизмларини яратиш, уларни кўрсатиш муддатларини қисқартириш ва ижро этиш тартибини марказлаштирилган ҳолда назорат қилиш йўли билан сифатини ошириш, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органларининг харажатларини қисқартириш ҳақида фикрлар билдирилди.

Икки томонлама музокара кайфиятида ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича жавоб олдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!