Руслан Нуриддинов Олимпиададаги ғалабадан сўнг соқолини қириб ташлади

11:58, 17 август

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи, Бразилияда рекорд ўрнатган олимпия олтини соҳиби Руслан Нуриддинов қалин соқолини қиртишлаб ташлади, деб хабар қилмоқда “Sputnik O`zbekiston”.

Спортчининг ўзи янги имидж борасида шахсан изоҳ бергани йўқ. Аммо мухлислари Русланни соқол билан кўришга ўрганиб қолишган. Шу боис, соқол спортчи учун ўзига хос тумор вазифасини ўтаган, шунинг учун у Олимпиада баҳслари олдидан соқолини олмаган, деб фикр билдираётганлар ҳам топилмоқда.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи илк маротаба янги имижда Миллий Олимпия қўмитаси кўмагида тайёрланган видеомурожаатда намоён бўлган.

“Мен ўз ғалабамни халқимга, Ўзбекистонимга бағишлайман, ҳаммангизни севаман, менга мухлислик қилганларингиз учун, қўллаб-қувватлаганларингиз учун миннатдорман. Қўллаб-қувватлаганларингиз сезилиб турди, спортчи ҳаётида рўй бериши мумкин бўлган энг яхши нарса ҳам аслида шу. Халқ меҳридан ортиғи бўлмайди. Мен барчангизни севаман, мен ўз халқимни севаман, Ўзбекистонни севаман. Олтин медални Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлайман”, — дея таъкидлаган Нуриддинов.

Эслатиб ўтамиз, Руслан Нуриддинов вазни 105 килограммгача бўлган эркаклар ўртасида ўтказилган оғир атлетика мусобақаларида иккита уринишда 225 ва 230 кг тошни кўтариб, олтин медални қўлга киритди. Сўнгги уринишда олимпия рекорди ҳисобланган 237 кг тошга буюртма берилди ва рекорд ўрнатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!