Олимпиада югуриш мусобақасида қатнашаётган қиз йиқилган рақибасига ёрдам берди

12:13, 17 август

16 август куни Риода Олимпиада ўйинларининг 5000 метрга югуриш бўйича ўтказилаётган ярим финал мусобақасида америкалик енгил атлетикачи қиз Эбби Д'Агостино югуриш йўлакчасига йиқилган рақибаси янги зелендиялик Никки Хэмблиннинг оёққа туришига  ёрдам берди, деб хабар қилди “Тjournal.ru” нашри.  

Никки Хэмблин Д'Агостинонинг оёғи тагига йиқилган, у ҳам чалишиб йиқилганига қарамай, ўрнидан туриб, янги зеландиялик рақибасининг оёққа туришига ёрдам берган. Эбби Д'Агостино оёғининг жароҳатланганига қарамай, финишгача оқсоқланиб етиб келган. Шундан кейин унга тиббий ёрдам кўрсатилган. Хэмблин қандай қилиб йиқилганини билмай қолганлигини, америкалик қизни илгари танимаганлигини журналистларга гапириб берди. Финишга етиб келгандан кейин у Д'Агостинони қучоқлаб, берган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

“Қандай натижага эришишимдан қатъи назар, бу воқеани умримнинг охиригача унутмайман. Д'Агостино менинг елкамга уриб, “Ўрнингдан тур!” деди. Унинг қаттиқ жароҳат олмаганига умид қиламан, чунки ҳали ёш, имкониятлари кўп. Бундай ажойиб инсон ҳаётга катта муваффақиятларга эришишига ишонаман”, деди Никки Хэмблин.

Ҳар икки спортчи қиз финалга йўлланма олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!