99,5% ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Президенти халқ ишончини қозонди

14:46, 17 август

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мустақиллик байрами арафасида «Ўзбекистон: давлат мустақиллигининг 25 йиллиги» мавзуида ижтимоий сўров ўтказди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қамраб олинган тадқиқотда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари, турли миллат вакиллари иштирок этган. 

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг аксарияти (98,2 фоизи) мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ижобий ва барқарор, деб ҳисоблайди. Респондентлар фикрича, истиқлолнинг 25 йиллиги – бу тўғри ва пухта ўйланган ислоҳотлар самарасида тобора ривожланаётган Ватанимиз солномасидаги янги даврдир. 

Сўровда қатнашганларнинг 99,6 фоизи мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик мустаҳкамланиб бораётгани, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортаётгани, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг асослари яратилгани, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари қарор топгани, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шаклланганини истиқлол йилларида эришилган асосий муваффақиятлар сифатида қайд этган. 

Тадқиқот натижалари мамлакатимиз аҳолиси давлатимиз раҳбарини жамиятнинг бирдамлиги, эришилган ютуқлар ҳамда юртимиз гуллаб-яшнашининг асосий кафолати, деб ҳисоблашини кўрсатди. Мамлакатимиз аҳолиси (99,5 фоизи) мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов аҳоли ишончини қозониб, халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлаган. 

Сўралганларнинг асосий қисми (99,4 фоизи) Ўзбекистоннинг дунёда эгаллаган ўрнидан фахрланади. Респондентлар истиқлол йилларида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон юксак илмий-техник салоҳиятга эга, саноати ривожланган давлат даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этган. 

Тадқиқот натижалари ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилган туб ижобий ўзгаришлар қаторида одамлар онгу тафаккурида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берганини кўрсатди. Аҳоли ўртасида ватанпарварлик ҳисси тобора ортмоқда. 

Тадқиқот қатнашчиларининг 81,5 фоизи аҳоли фаровонлигининг ортиб боришига хизмат қилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигидан қониқишини билдирган. Сўров иштирокчиларининг 93,1 фоизининг моддий аҳволи, яшаш ва маиший шароити яхшиланган, ижтимоий мақоми ошган, намунали таълим олган, ўз бизнесини ташкил қилган. 90 фоиздан зиёд фуқаролар мустақиллик йилларида фуқаролик ҳуқуқлари, шахсий хавфсизлигининг ҳимояланиши ва таъминланиши мустаҳкамланганини билдирган. 

Сўров жараёнида фуқароларнинг 90 фоиздан ортиғи миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар одамларга ўз имкониятларини тўла намоён этиш, турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаган. Респондентларнинг 97,3 фоизи тадбиркорлик учун яратилган шароитларни ижобий баҳолаган. Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларга жамоатчилик ўртасида ишончнинг ортиши натижасида иқтисодиётнинг мазкур тармоғида капитални бошқаришнинг янги сифат босқичига ўтилган. 

Аҳоли (қарийб 100 фоиз) Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик даврида давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилган ташқи сиёсатни юксак баҳолайди. Жамоатчилигимиз фикрича, мазкур ташкилотнинг жорий йил 23-24 июнь кунлари пойтахтимизда ўтган юбилей саммити ШҲТ фаолиятининг самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилгани билан ташкилот тарихида муҳим ўрин тутади.

Сўров натижалари фуқароларимизнинг аксарияти (93,9 фоизи) оилани ижтимоий институт сифатида мустаҳкамлаш, она ва бола соғлиғини янада яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамият ва оиладаги мавқеини янада ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди. Сўров иштирокчиларининг билдиришича, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг нодир институти – маҳалла фаолияти миллий анъана ва қадриятларимизга мувофиқ тўлиқ шакллантирилиб, уларнинг самарали иш юритиши учун зарур ҳуқуқий асос яратилди. Истиқлол йилларида маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти ортиб, мамлакатимизни демократлаштириш, фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларининг амалдаги ифодасига айланди. 

Мухтасар айтганда, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари халқимиз давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор ифода этди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!