Озодликка қўйиб юборилган олтин балиқчалар ашаддий зараркунандага айланмоқда

14:44, 18 август

Эгалари томондан ҳовузларга қўйиб юборилган олтин балиқчалар кейинчалик катта ва ашаддий зараркунандаларга айланмоқда, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри.

Австралиянинг ғарбида балиқчилик хўжалиги ва балиқ тутиш маркази ходимлари 12 йилдан бери ҳовузлардаги олтин балиқлар билан “жанг” қилиб келади. Уларнинг фикрича, аквариумдаги безарар балиқчалар ёввойи табиат қўйнида ҳақиқий зараркунандага айланиб, экотизимни ишдан чиқарар экан.

Маҳаллий Васс (Vasse River) дарёсида сўнгги 15 йил мобайнида уй шароитида сақланадиган балиқ турлари жуда кўпайиб кетган. Балиқларнинг асосий қисми эгалари томондан қўйиб юборилган, улар табиатга зиён келтиради, ёввойи табиат қўйнида дуч келган нарсани истеъмол қилишади. Ўсимликларни илдизи билан узиб, дарёни лойқалатишади, бошқа балиқларнинг увулдириғини ҳам истеъмол қилишади. Бундан ташқари, турли касалликларни тарқатиб, ён-атрофидаги яшаётган бошқа жонзотларга юқтиради.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, пала-партиш овқатланиш оқибатида улар йирик олтин балиқларга айланади. Баъзи олтин балиқларнинг оғирлиги 2 килограммгача етган. Бир йил давомида улар дарёда 200 километр йўл босиши мумкин.

Ёввойи табиат бағрида улар ботқоқликда яшашни ва кўпайишни хуш кўришади. Тадқиқотчилар уй шароитида аквариумда сақланаётган балиқлар керак бўлмаса, уларни сотиб олган жойга қайтаришни тавсия қилишмоқда.

“Улар фақат аквариумдагина безарар кўринишади, табиат қўйнида эса жуда ваҳший зараркунандага айланишади”, дейди тадқиқотчи Ствен Бетти.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!