Тошкентда “Озод юрт тўлқинлари” IX медиа-фестивали бўлиб ўтди

16:24, 18 август

Пойтахтимизда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Озод юрт тўлқинлари” IX медиа-фестивали бўлиб ўтди

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган мазкур лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдуҳолиқов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, мазкур йўналиш ривожи учун зарур барча шароитларни яратиш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси барча турдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин ва самарали фаолият кўрсатишида муҳим омил бўлмоқда. 

Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қўлга киритилган улкан ютуқ ва марраларнинг аҳамияти, бугунги тинч ва осойишта, бахтиёр ҳаётимизнинг қадр-қимматини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказишда нодавлат телерадио каналлар, босма ва интернет нашрларнинг аҳамияти ўзига хосдир. 

Президентимизнинг 2016 йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ҳам истиқлолимизни, жонажон Ватанимизда эришилган асрларга татигулик ютуқларни тараннум этишга оид кўплаб ижодий лойиҳалар ўтказилмоқда. 

«Озод юрт тўлқинлари» медиа фестивали ҳаётий ва таъсирчан мисоллар орқали одамлар қалбига етиб борувчи материаллар тайёрлаётган теле, радио ижодкорларни рағбатлантириш, уларни янги марралар сари руҳлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу йилги фестиваль материалларида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиор мазмунининг очиб берилиши, юртимизда кечаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик жараёнларининг аҳамияти, осойишта кунлар шукронасини одамлар қалби ва онгига теран етказилишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Фестивалда жамоат телерадиостанциялари жамоалари ўз ижодий ишлари билан фаол қатнашди. Ижодий лойиҳага тақдим этилган ишлар «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган энг яхши телерадиомаҳсулот», «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини ёритишга қаратилган энг яхши медиа-лойиҳа», «Энг намунали телестанция», «Энг намунали радиостанция» каби номинациялар бўйича аниқланди. 

Ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш йўли билан турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга фестиваль статуэткаси, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!