Жоан Роулинг хайрия ишларига кўп пул сарфлагани учун Forbes миллиардерлар рўйхатидан ўчирилди

00:15, 19 август

Британиялик ёзувчи Жоан Роулинг хайрия ишлари учун “жуда кўп пул сарфлагани” учун  Forbes  журнали миллиардерлари рўйхатидан ўчирилди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

У бор даромадининг 16 фоизини, яъни 160 миллион долларни пулга муҳтож одамларга тарқатган. Жоан Роулинг Forbes журнали тарихида илк маротаба хайрия учун рўйхатдан чиқариб юборилган одам бўлди.

Шу билан бирга Жоан Роулинг ёзувчилик орқали пул топиб, Forbes миллиардерлари рўйхатига киритилган илк ёзувчи ҳам эди. 

Ижодининг илк даврларида у қўлидаги ёш боласи билан, ёлғиз, ижтимоий таъминот томонидан берилган нафақага яшаган. Шунинг учун қашшоқлик, камбағаллик нима эканлигини яхши тушунади ва пулга муҳтож одамлардан ёрдамини аямайди. 

Жоан Роулингнинг шахсий “Люмос” номли ( “Гарри Поттер” ҳақидаги китобда бирор бир буюмни ёритиш учун ишлатиладиган сеҳрли сўз шарафига қўйилган) Шарқий Европадаги уйсиз болаларга ёрдам берувчи хайрия жамғармаси мавжуд.

Роулинг баъзи бир китобларини атайлаб, гонорарини хайрия ишларига сарфлаш учун ёзган. Нашриёт томонидан уч китобдан иборат “Поттерианлар” номли асаридан тушган гонорарини турли хайрия жамғармаларига ўтказган. У шу пайтгача хайрия ишлари учун 30 миллион доллар пул сарфлаган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!