Маримар Куиора: “Юзимнинг бошқаларникига ўхшамаслиги ҳеч нарса англатмайди”

12:02, 19 август

Калифорниялик юзи қийшайган қиз, гўзаллик бўйича блогер YouTube видеохостингида макияж қилиш сабоқлари билан машҳур бўлиб кетди, деб ёзади “Lenta.ru”.

21 ёшли Маримар Куиоранинг видеопостлари 2 миллион мартагача томоша қилинмоқда. Бу қиз кистали гигрома яъни безарар юз ўсмасидан азият чекади. Маримар трахеядаги тешик орқали нафас олади ва трубка орқали овқатланади. Америкалик қиз гапира олмагани сабабли визаж санъати ҳақида қўл ҳаракатлари ёрдамида тушунтириб, роликлар тайёрлайди. 

Куиора 2 йилдан бери видеороликлар тайёрлаб, интернетга жойлайди, бироқ у инглиз тилидаги ОАВлар эътиборига бир муддат аввал тушди. У ҳақида Cosmopolitan UK, The Sun, PopSugar ва бошқа нашрлар мақолалар чоп этди.

Блогер журналистларга ўзини севиши ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб берди. Маримарнинг айтишича, у болалигида ташқи кўринишидан уялган ва узоқ муддат уни борича қабул қила олмаган. У ўсма ҳажмини кичрайтириш учун бир нечта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. 

Куиора келажакда шахсий косметика линиясини яратишни, кўп саёҳат қилиш ва инсонларни ўрганишни режалаштирган.  

“Мен учун гўзаллик ўзингни борича қабул қилиш ва бошқаларнинг ўзинг ҳақингдаги фикрларини рад этиш деганидир. Агар сенинг юзинг бошқаларникига ўхшамаса, бу ҳеч нарсани англатмайди”,—дейди ўзига ишонувчи блогер.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!