Рио–2016. Ҳасанбой Дўсматов Олимпиаданинг энг юқори техникали боксчиси деб тан олинди

14:52, 22 август

Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг бокс бўйича -49 килограмм вазн тоифасида чемпионга айланган Ҳасанбой Дўсматов техникаси энг юқори бўлган боксчига бериладиган Вэл Баркер Кубоги соҳибига айланди, деб хабар бермоқда Sports.uz.

Ҳамюртимиз Вел Баркер Кубогини қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик боксчи бўлди. Вэл Баркер Кубоги 1920 йилда Халқаро яримпрофессионал бокс ассоциацияси томонидан таъсис этилган бўлиб, 1936 йилдан буён Олимпиада ўйинларида техникаси энг юқори бўлган боксчига бериладиган мукофот саналади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳасанбой Дўсматов чемпионлик сари унинг йўлида тўғаноқ бўлган мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШ вакили Нико Эрнандес ва колумбиялик Юберхен Мартинесни мағлубиятга учратди.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, мазкур спорт йўналишида Куба, Қозоғистон, Франция, Россия ва АҚШ сингари мамлакатларини ортда қолдириб, биринчи поғонани эгаллади. 

Умумий ҳисобда эса мамлакатимиз делегацияси 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 бронза медаллари билан 207 давлат орасида 21-ўринни забт этди. Бу МДҲ мамлакатлари орасида иккинчи, Ўрта Осиёда эса биринчи натижадир. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!