Қумга тушиш фойдалими?

16:32, 22 август

–  Август ойларида қумга тушиш мавсуми бошланади деб эшитгандим. Бир танишим «Сиз ҳам боринг, қўл – оёқлардаги оғриқлардан ҳалос бўласиз, тери муаммолари ҳам йўқ бўлади» деди. Чиндан ҳам шундайми? Қумга кўмилиш қандай наф бериши ҳақида маълумот берсангиз?

Маҳмуда Мансурова, Тошкент вилояти 

Саволга «Турон» Фанлар академияси фахрий аъзоси Турсун Али Муҳаммад жавоб беради: 

–  Иқлимимизда намлик борлигини биласиз. Намлик секин-аста баданга кириб боради ва кишини бетоб қилиши мумкин. Намлик хўл совуқ ҳисоблангани боис унинг давоси қуруқ иссиқлик яъни шифобахш қумлардир. Қум қуруқ иссиқлик бўлиб, намликни бадандан тер билан бирга чиқариб юборади. Қумли муолажа учун августнинг ўн бешинчисидан сентябрнинг ўн бешинчи санасигача  бўлган давр тавсия этилади. Қумга тушишдан аввал албатта қон босимини ўлчатиб олиш зарур. Иссиқликнинг юқори даражаси қон босимини кўтариб юбориши мумкин. Қумга тушишдан аввал, қумнинг юзасини ариқча шаклида очиб, 5-6 дақиқа ариқчада ётиб кўрасиз. Аҳамият беринг, қум зарралари баданингизнинг қаерига ёпишган бўлса ўша соҳага нам ўтган. Бу тананинг айнан шу қисмларига эътибор қаратиш кераклигини англатади. 10-15 дақиқалик қум муолажасини соат 11:00 дан 13:00 гача, 15:00 дан 17:00 гача 5-6 марта бажарасиз. Фақат оёқларингизнинг ўзи безовта қилса, қумли муолажа оёқларнинг ўзида ўтказилади. Қумда бўлганда бошингизга соябон олволинг. Ёнингизда илиқроқ чой солинган идиш бўлгани маъқул. Қумдан чиққач, тушликка қовурма таомлар ейилади. Қовун-тарвуз, мева, ҳар хил шарбат ва ичимликлар мумкин эмас. Қумга уч ёки беш кун тушилади. Муолажа тугамагунича ювиниб бўлмайди. Йўқса яна намлик йиғилиши мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!