Фазлиддин Ғоибназаров: “Қувонч ёшларимни яширгим келмади”

15:40, 23 август

Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Фазлиддин Ғоибназаров онаси билан суҳбатда ғалабадан кейинги ҳис-ҳаяжонлари, таассуротларини айтиб ўтди. 

– Ўғлимизнинг Олимпия ўйинларидаги конголик боксчи Малонга Дзаламоу билан дастлабки жангини фақат оиламиз томоша қилган эдик, – дейди Фазлиддиннинг отаси Ҳасанбой ака. – Ўйиндан ўйинга уйимизга келувчилар сафи кенгайиб борди. Финал кечаси, ишонасизми, бутун Бекобод шаҳри бизникига йиғилди-ёв. Чинакам байрам бўлди. Оиламиздагиларнинг телефони жиринглайвериб қизиб кетди. “SMS”ларни-ку ўқиб улгурмадик. Мана, қаранг. Тўғриси, уларнинг аксариятини танимайман. 

Ғоибназаровлар хонадонида тунда бошланган ўйин-кулгу тонгга бориб ҳақиқий байрамга айланди. Карнай-сурнай садолари остида одамлар бир-бирини эшитмаса-да, юз-кўзларида зафар нашидаси уфуриб турганидан табриклаётгани сезилади. XXXI ёзги Олимпия ўйинларидаги Ўзбекистон спортчиларининг ғалабалари ҳақида бир-бирига навбат бермай гапиради, ёшлар қўлларини баланд кўтариб: “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”!, “Балли, Фазлиддин!”, деб ҳайқиради.

– Фазлиддиним билан эрта тонгда телефонда гаплашдим, – дейди чемпионнинг онаси Малоҳат опа. – Болагинамнинг кўнгли бўш-да, ўзи. Ғалабадан кейин қандай йиғлаганини барча кўрди. Нега бундай қилдинг, болам, десам, “Қувонч ёшларини яширма, халқнинг ишончини оқлаш, Президентимиз яратиб бераётган шароит ва имкониятларга муносиб бўлиш энг улуғ бахт. Агар шундай қилсанг, йиғла, ҳаққинг бор!” деб ўзингиз айтгансиз-ку, она, деса бўладими. Мен ҳам қўшилиб йиғладим. Бизга шундай хурсандчиликдан йиғлаш, фарзандларимизнинг илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришиш бахтини мустақиллик берди. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ёшларга кўрсатилаётган оталарча ғамхўрлик самараси бу. 

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи И.Эргашхўжаев вилоят фаоллари ҳамроҳлигида хонадон соҳибларини ушбу улкан ғалаба билан қутлади. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор туфайли шаҳару қишлоқларимизда замонавий жиҳозланган муҳташам спорт мажмуалари қад ростлаётгани, уларда яратилган шароит ва имкониятлар самараси экани алоҳида таъкидланди. 

Мустақиллик тенгдоши бўлган Фазлиддин 12 ёшидан бошлаб Бекобод шаҳридаги “Ёшлик” спорт клубида мураббий Аброр Турсунпўлатов раҳбарлигида бокс сирларини ўрганди. Дастлаб шаҳар ва вилоят биринчиликларида илк ғалабалар нашидасини тотган бўлажак Олимпиада чемпиони кейинчалик мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда муваффақиятга эришди. 2007 йили Озарбайжонда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида совриндорлар қаторидан жой олгани унинг дастлабки йирик ғалабаси бўлди. Шундан сўнг Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган ёзги Универсиада, шунингдек, Осиё чемпионати, жаҳон чемпионати каби йирик мусобақаларда мунтазам совриндорлар қаторида бўлди. Лондон олимпиадасида чорак финалгача борган Фазлиддин кейинги Олимпиадада албатта ғолиб бўлишга аҳд қилди. Бу йил у ўз сўзининг устидан чиқди – Олимпиада чемпиони, деган юксак шарафга сазовор бўлди. 

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бекобод шаҳрида ҳам “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шоири остида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда куни кеча ниҳоясига етган ёзги Олимпия ўйинлари ва унда Ўзбекистон ёшлари кўрсатган юксак натижалар жаҳон аҳлини ҳайратга солаётгани ҳақида тўлқинланиб сўзлашмоқда. Бу ёшларимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб туҳфаси бўлгани таъкидланмоқда

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!