Ўзбекистон футзал терма жамоаси Италия билан ўртоқлик учрашуви ўтказади

11:09, 24 август

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йилнинг 10 сентябридан 1 октябрига қадар Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттирмоқда.

Хосе Мария Мендез бошчилигидаги терма жамоамиз Эрон, Португалия ва Испания терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиши ҳақида хабар берилганди. ЎФФ матбуот хизматининг маълум қилишича, терма жамоа мундиал олдидан сўнгги назорат ўйинини Европанинг етакчи жамоаларидан бўлган Италия терма жамоасига қарши ўтказади. Италияликлар билан баҳс 7 сентябрь куни Кали шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон терма жамоаси Португалия ва Испания билан ўйинлардан кейин Италия билан беллашувга қадар Испанияда 3 кунлик йиғин ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг "A" гуруҳида Колумбия, Португалия ва Панама терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!