Гиёҳванд моддалар савдоси шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди

12:48, 24 август

Бугун гиёҳвандлик қанчалар мудҳиш иллат эканини тушунтириб ўтишга асло ҳожат йўқ. Ҳар биримиз унинг ҳалокатларию, оқибатларини яхши биламиз. Гиёҳванд моддаларни етиштириш, сотиш, етказиб бериш, сақлаш, воситачилик қилиш сингари ҳар қандай қилмиш жиноят экани, бундай ишга қўлга урганлар қонун олдида жавоб бериши ҳам ҳеч кимга сир эмас. 

Аммо, негадир бу иллат ҳам, у билан боғлиқ жиноятлар ҳам таг-туги билан йўқолиб кетмаётгани ачинарлидир. Ҳар йили гиёҳванд моддалар билан боғлиқ минглаб жиноятлар фош этилади, қанчадан-қанча жиноятчилар жавобгарликка тортилади, тонналаб наркотик моддалар йўқ қилинади. Шу билан бирга бу офат ҳар йили қанчадан инсонларнинг умрига зомин бўлади, не-не оилаларни пароканда қилади...

Бу  галги қаҳрамонларимиз ҳам бу ҳақиқатни билмаган бўлиши  мумкин эмас. Аммо, улар барибир нафс йўриғига юриб, ноқонуний ҳатти-ҳаракат содир этганликлари сабаблари юзлари шувут бўлиб қолди. 

Уларнинг энг кичига аллақачон қирқ ёшдан, каттаси эса элликдан ошиб қолган бўлса-да, ҳамон оқ-қорани ажрата олишмаганга ўхшайди. Тергов маълумотларига кўра, Валерий Лозовский, Георгия Саркисянц, Владислав Аганов ҳамда Павел Юрченкодан иборат бўлган бу жиноий гуруҳ анчадан бери наркотик моддалар олди-бердиси билан шуғулланиб келишган.  

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деб бежиз айтишмаган. Жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари анчадан бери ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини тортиб келарди. 

2015 йилнимнг 4 март куни “А” исмли фуқаро миллий хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармаларидан бирига ариза билан мурожаат қилиб, Валерия Лозовскаядан уч ўрам гиёҳванд модда сотиб олганини маълум қилди. Кимёвий экспертиза тақдим этилган ашёвий далилнинг 0,45 грамм миқдоридаги “гашиш” моддаси эканини аниқлади. 

Суриштирувлар натижасида, мазкур жиноят занжирининг илк халқаси Павел Юрченкога бориб тақалиши маълум бўлди. Аниқланишича, 2015 йилнинг 3 март куни Владислав Аганов билан пойтахдаги “Шош” ресторани олдида учрашган унга сотиш учун тўрт ўрамдаги “гашиш”ни тутқазган. Владислан “оғу”ни шу куннинг ўзида 200 минг сўм эвазига навбатдаги “халқа” – Георгий Саркисянцга, у эса, Валерий Лозовскийга  етказиб берган. Валерий ўрамлардан бирини ўзида олиб қолган ва қолганларини фуқаро “А”га пулллаган.

Бу ҳолат эртаси куни ҳам давом этди. В.Аганов П.Юрченкодан олган 2 ўрам “заҳри қотил”ни Г.Саркисянцга 100 минг сўмга пуллайди. Шу тариқа “маҳсулот” эски йўналиш орқали, дастлаб В.Лозовскийга, кейин фуқаро “А”га етказилади. Фуқаро “А” эса бу гал ҳам ўз бурчига содиқ ҳолда, икки ўрамдаги 0,3 грам “гашиш”ни Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига топширади. 

Воқеалар худди шу кўринишда яна уч маротаба – 10, 12 ва 17 март кунлари такрорланади. Фуқаро “А” эса, ҳар гал олган гиёҳванд моддаларни ҳуқуқ-тартибот ходимларига  келтириб топширар, орган ходимлари уларни экспертизадан ўтказиб, “ашёвий далил” сифатида тўплдамоқда эдилар. 

17 март куни, яъни бешиничи “учрашув”да Валерийнинг “муҳим ишлари” чиқиб қолдими, фуқаро “А” “маҳсулот”ни Г.Саркисянцнинг қўлидан олишига тўғри келганди.  Аммо, ўша куннинг ўзида Г.Саркисянцни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари қўлга олишди. Унинг ёнидан уч ўрамдаги жами 0,53 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилди. 

Эртаси куни тартиб посбонлари “Шош”ресторани олдида Павел Юрченко бошқарувидаги 01 F 717 АА рақамли “Ласетти”ни тўхтатишди ва уни текшириб кўришди. Натижада машинанинг чап томондаги олд эшигидан эркаклар дастрўмолига ўралган олти ўрам гиёҳванд моддага дуч келишди. 

Суриштирувларда П.Юрченко ушбу гиёҳванд моддаларни терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахсдан сотиб олганини билдирди. 

Шу тариқа, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам бирма-бир қўлга олинди. Тергов ва суриштирув пайтида улар  бир-бирини танимаслиги, тил бириктиришмаганини айтиб, ўзларини оппоқ кўрсатишга уринишса-да, ашёвий далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари натижасида ҳақиқат қарор топди. 

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди жиноятнинг барча иштирокчиларининг қилмишларини ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаб, ҳар бирини қилмишига яраша тегишли жазоларга маҳкум этди.

Ҳа, ҳар бир жиноят ўз баҳосини, жиноятчи эса, тегишли жазосини олиши шарт. Шунда, ҳаётимиз янада фаровон, оилаларимиз мустаҳкам, қалбларимиз хотиржам бўлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!