Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига учиб кетди

16:47, 24 август

“Ҳаж” ва “умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан “Ҳаж-2016” мавсумини юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан амалий ишлар ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмитанинг ахборот хизмати.

Сафар олдидан барча зиёратчилар жойлардаги марказлашган тиббиёт пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Гуруҳлар таркибида зиёратчилар билан сафар давомида ҳаж амалларини бажариш, хавфсизлик чораларига риоя қилиш, саломатликни асраш юзасидан тушунтириш ишлари ўтказилди. Зиёратчиларга давлатимиз рамзлари акс эттирилган махсус кийим ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди. 

2016 йил 24 август - 4 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчиларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг чартер рейсларида Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Наманган-Мадина ва Урганч-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнатиш ташкил этилади. 

Жорий йилнинг 24 август куни соат 8.10 ва 9.40да ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 470 нафардан иборат дастлабки гуруҳлари иккита рейсда Тошкент-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига учиб кетди. Зиёратчиларни кузатишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Бўлажак ҳожилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхоналарни тайёрлаш ва зарур ташкилий ишларни амалга ошириш учун 10 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига сафарбар этилган. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 150 метр масофада жойлашган “Жавҳарат ар-Рошид”, Макка шаҳрида эса “Масжиди Ҳарам”дан 5000 метр масофадаги тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси ижарага олинган. 

Меҳмонхоналарда ҳар бир хона музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, кондиционерлар билан жихозланган. Зиёратчилар учун фойе ва хоналарда ўзбек тилида йўл кўрсаткичлар ва зарур маълумотлар қўйилган. Макка шаҳрида зиёратчиларнинг “Масжиди Ҳарам”га боришлари учун меҳмонхонадан автобусларнинг узлуксиз қатнови ташкил этилган.

Моҳир ошпазларимиз зиёратчиларимизга уч маҳал иссиқ миллий таомлар билан баҳраманд қилишлари учун зарур шароитлар ҳозирлаб қўйилди. Зиёратчиларимизга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида, меҳмонхоналарнинг ўзида тиббиёт пунктларининг фаолияти ва шифокорларнинг узлуксиз навбатчилик асосида иш олиб боришлари тайёрлаб қўйилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!