Юз териси учун фойдали 5 та ниқоб

16:51, 24 август

Куз фасли яқинлашмоқда. Бу мавсумда аёллар юз терисига янада эътиборлироқ бўлишлари зарур.  

Крем ва лосёнлар қанчалик қиммат ва реклама қилинган бўлмасин, барибир уй шароитида тайёрланган ва мунтазам равишда қўлланиладиган ниқобларга ҳеч нарса етмайди. Биринчидан, уй шароитидаги воситалар арзон, иккинчидан, табиий, учунчидан самарали ҳисобланади. Ундан ташқари уй шароитида қилинган ниқобларда зарарли кимёвий моддалар бўлмайди.

Оқартирувчи ниқоблар:

  • Юзни оқартириш ва юз териси рангини тиниқлаштириш учун энг яхши восита бодрингдир. 
  • Бодрингни қиргичдан чиқариб, ўз ҳолича юзга 15-20 дақиқага суртиб қўямиз. Сўнг илиқ сувда чайиб ташлаймиз.
  • Ушбу ниқобдан ҳафтасига 3 марта фойдаланилса, юз териси ранги оқаради ва тиниқлашади.
  • Агар тер ёғли бўлса, у ҳолда қуйидаги лосёндан фойдаланса бўлади:
  • Бир дона бодрингни майда тўғраб ярим стакан ароқ билан қоплаймиз.
  • Етти кундан сўнг ёғлиқ терига эга юзни парвариш қилиш учун лосён тайёр бўлади.

Озуқа берувчи ниқоблар:

  • Терини доимий равишда фойдали микроэлементлар билан озиқлантириб туриш лозим. Бунинг учун уй шароитида бизга қуйидаги воситалар ёрдам беради:

Бир дона тухум сариғини олма ёки сабзи шарбати(мевадан шарбат олиш учун уни қирғичдан чиқариб докага солиб сиқамиз) билан аралаштирилади ва юзга 10-15 дақиқага сурилади. Сўнг илиқ сув билан ювиб ташланади. 
Яна бир ниқобни тайёрлаш учун бизга творог ёрдам беради.
Бир ош қошиқ творогни 1 чой қошиқ суюқ асал билан аралаштирамиз ва юзга 10-15 дақиқага суриб қўямиз(Муҳим! Асалга аллергия йўқлигини терига озгина суриб кўриб олдиндан текшириб олиш зарур). Сўнг илиқ сувда ювиб ташлаймиз. 
 
Тозаловчи ниқоблар:

  • Юзни мунтазам равишда ювганимиз билан, тери тешикчалари орқали кирган ва йиғилиб қолган кир бунда кетмайди. Шунинг учун тозаловчи ниқобларни мунтазам равишда юзга қўллаш лозим.

Терини тозалаш учун энг яхши восита сули ёрмаси қўшилган ниқоблардир.

Бир ош қошиқ майдаланган сули ёрмасини 1 ош қошиб сут билан аралаштириб юзга 25 дақиқага суриб қўямиз. Сўнг илиқ сувда ювиб ташлаймиз.

Терининг ички қатламларини тозалаш учун бизга пилинг ёрдам беради.

Пилинг-ниқоб: Бир чой қошиқ гуруч кукунини (гуручни кофемайдалагичда кукун шаклига келтирамиз) 1 чой қошиқда ярим-ярим қилиб аралашган асал ва лимон шарбати билан қоримиз. Юз терисини ушбу аралашма билан аста ишқалаб чиқиб 15 дақиқага қолдирамиз. Сўнг илиқ сувда ювиб ташлаймиз.

Ушбу ниқобларни 1 ой давомида навбатма-навбат қўлласа, юз териси ранги, ҳолати ва кўриниши яхшиланганлиги шундоқ намоён бўлади. Уй шароитидаги ниқобларнинг самараси катта бўлгани билан, унга кетган меҳнат ва пул деярли сезилмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!