Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси очилди

10:14, 25 август

2016 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.  

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошқарди. 

Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётган ялпи мажлис қатнашчилари Сенат Раиси Н.Йўлдошевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенатининг ўтган даврдаги фаолиятига ва келгуси йиллардаги устувор вазифаларга бағишланган маърузасини тингладилар. 

Сенаторлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу қонун ёшлар сиёсатининг асосий қоидалари, бундай сиёсатни шакллантириш ва рўёбга чиқаришга доир ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, тўғридан-тўғри таъсир қилишни яхлит қонун ҳужжатида мужассам этиш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди. 

Қонунда ҳозирги замон талабларини ҳисобга олган ҳолда ёшларга оид давлат сиёсатининг қуйидаги устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатларни, ёшларнинг очиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларни маънавий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, радикализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, ёшлар спортини, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва ҳоказо. 

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини марказда ва жойларда рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги аниқ белгилаб берилмоқда. Ушбу органлар зиммасига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, меҳнат ва бошқа соҳаларда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шак-шубҳасиз ижро этилишини таъминлаш, ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилмоқда. 

Қонун нормалари ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда жамоат ташкилотларининг, энг аввало, ёшлар ташкилотларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва оммавий ахборот воситаларининг роли ҳамда ўрнини кучайтиришга ҳам қаратилган. Давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда, соғлом баркамол авлодни тарбиялашга доир тадбирларни уюштириш ҳамда ўтказишда, ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини юксалтиришда, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари талаблари бажарилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари муқаррар иштирокининг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилмоқда. 

Сенаторлар қайд этганларидек, қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, ушбу соҳада соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун мамлакатимизда зарур имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга, мамлакатимиз ёшларини XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳар томонлама баркамол шахслар қилиб шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу қонун давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатасига киритилган ҳамда ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган. 

Мажлисда ушбу қонун ички ишлар органлари тизими ва тузилишини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда ваколатларини, уларнинг ходимларига нисбатан қўйилган талабларни, шунингдек, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш чораларини аниқ белгилаб бериши таъкидланди. 

Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ички ишлар органлари зиммасига фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, жамоат тартибини ва жамоат хавфсизлигини, юридик ҳамда жисмоний шахслар мол-мулки ҳимоясини таъминлаш вазифалари юклатилмоқда. 

Ички ишлар органларининг аниқ вазифаларини, шу жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, жиноятларнинг, бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларни фош қилиш, жамоат жойларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органларининг аниқ вазифаларини белгилаб қўйиш уларининг жамият ва давлат олдидаги жавобгарлигини оширади. 

Қонунда ички ишлар органлари хизматига қабул қилишга доир қўйилган асосий талабларга, хизмат ўташ шартларига алоҳида ўрин ажратилган. 

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу қонун ички ишлар органлари нуфузини мустаҳкамлашга, улар фаолиятида қонунийликни таъминлашга, шунингдек, ходимларнинг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни ижро этиш бўйича жавобгарлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!