Қобулдаги Америка университетига ҳужум уюштирган жангарилар йўқ қилинди

11:33, 25 август

Афғонистон ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари Қобулдаги Америка университетига ҳужум уюштирган 2 жангарини йўқ қилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Жангариларни қўлга олиш махсус тадбири кечаси билан, 25 август тонгига қадар давом этди. Ҳозирда воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари иш олиб бориб, жиноят қуролини ўрганмоқда.

Афғонистон ҳукумати берган маълумотга кўра, жангариларнинг ҳужуми туфайли 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида университет қоровули ва 7 талаба бўлган. 44 киши яраланган, шулардан 35 нафари талабалардир. 

Чет эллик ўқитувчи ҳам жароҳат олган. Нуфузли олий ўқув юртидан 700 нафар талаба эвакуация қилинган.

Жангарилар чоршанба, 24 август куни кечқурун 1700 нафар талаба ўқийдиган Америка университетига бостириб кирган. Киришдан олдин улар бомба портлатган. Талабаларнинг аксарият қисми орқа эшик орқали қочишга улгурган, бошқалар бино ичида қамалиб қолган. Қутулиш мақсадида, кўпчилик юқори қаватлардан пастга сакраб, турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Гувоҳларнинг маълумот беришича, университетда юқори даражада хавфсизлик чоралари кўрилганига, қоровулларнинг қуролланганига қарамай, жангарилар олий ўқув юртига бостириб кирган. Жангарилар мазкур ой давомида иккинчи маротаба бу олий ўқув юртига ҳужум қилган. Улар йўл-йўлакай америкалик ва австриялик ўқитувчиларни гаровга олган.

Ҳозирча ҳужумни ҳеч қайси террорчилик ташкилоти ўз бўйнига олмаган. Сўнгги ойларда ҳудудида “Толибон” ва “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи фаол бўлган Афғонистонда вазият кескинлашган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!