Жаҳонгир Усмонов ҳамда Абдураҳмон Фозилов фахрий унвонлар билан мукофотланди

14:17, 25 август

Ўзбекистон мини-футбол ассоциацияси раиси ўринбосари Усмонов Жаҳонгир Мираброровч ҳамда Ўзбекистон футбол федерациясининг мухлислар жамияти раиси – Абдураҳмон Фозилов мустақилликнинг 25 йиллик байрами олдидан фахрий унвонлар билан мукофотланди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда

“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида бу кўрсатиб ўтилган.

Фармонда: “Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун қуйидагилар фахрий унвонлар ва орденлар билан тақдирлансин”, дея таъкидланган ва фахрий мукофотлар билан тақдирланганлар рўйхати келтирилган.

Улар қаторидан ўрин олган Ўзбекистон мини-футбол ассоциацияси раиси ўринбосари Усмонов Жаҳонгир Мираброрович “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган бўлса, Ўзбекистон футбол федерациясининг мухлислар жамияти раиси – Абдураҳмон Фозилов ““Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвони билан мукофотланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!