Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Колумбиядаги ЖЧга йўл олди

15:39, 26 август

Жума куни эрта тонгда футзал бўйича Ўзбекистон термаси 10 сентябрдан 2 октябргача Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати-2016 га йўл олди. Мамлакат термаси гуруҳ мусобақаларини Калидаги 18 минг томошабинга мўлжалланган «Колизео Эль Пуэбло» стадионида ўтказади. Бу ҳақда “ufa.uz” хабар бермоқда

Бу Ўзбекистон термасининг жаҳон чемпионати асосий мусобақаларидаги илк иштироки бўлгани сабабли спортчилар бор имкониятни ишга солишга тайёрлигини маълум қилди.

«Бош мураббий олдимизга қўйган энг кичик вазифа — гуруҳ босқичидан чиқиш, — деди Ўзбекистон термаси сардори 29 ёшли Артур Юнусов. — Кейингисини ўйин кўрсатади».

Мазкур гуруҳда Ўзбекистонга жиддий рақиблар дуч келган — мусобақа мезбони Колумбия, шунингдек, Португалия ва Панама термалари. Панама билан учрашувдан сўнг Ўзбекистон жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги чиқишлари статистикаси очилади.

Жамоа дастлаб Эрон, Португалия, Испания ва Италия каби Осиё ва Европанинг кучли термалари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказади.

Ўзбекистон термаси испаниялик мураббий Хосе Мария Мендез билан 2017 йил 15 мартга қадар шартнома имзолаган бўлиб, унинг бошчилигида ўзбекистонликлар 2014 йилги Осиё чемпионатида бронза, Тошкентда ўтказилган 2016 йилги қитъа биринчилигида эса кумуш медалларни қўлга киритди. Шунингдек, терма жамоа жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!