Севара Назархон кам интервью бериши сабабларини маълум қилди

16:14, 26 август

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ОАВларга кам интервью бериши сабабларига тўхталди. 

“Ижодимнинг айрим паллаларида маъмуримдан интервью бермасликни, бунақа таклифларни қабул қилмасликларини илтимос қиламан. Ижодимда бирор янгилик бўлмаганида, янги альбом чиқаётган бўлмаса, янги концерт бераётган бўлмасам, шундай қиламан. 

Аравани қурқу олиб қочиш билан ўқувчиларни ҳам, тингловчиларни ҳам уринтириб қўйишни истамайман. Ўзбекистонда жуда кўпдан бери янги альбомим чиққани йўқ, концерт ҳам берганим йўқ. Нималар ҳақида интервью беришим мумкин? Мусиқадан ташқари нарсалар ҳақидами? 

‘Сиз ёқтирган таом қайси?’, ‘Чойни хуш кўрасизми, айронними?’, ‘Сиз ёқтирган таом қайси?’, ‘Кун тартибингиз қандай?’ деган саволларга жавоб беришни ёқтирмайман. 

Бошқа санъаткорлар ҳақида нима ўйлашим ва шунга ўхшаш саволларни ҳам жиним суймайди. Ва, аксинча ўзбекча альбомим чиқса ё Тошкентда концерт берсам, хурсандчилик билан, керилиб, ўзим бу ҳақда сўзлаб бераман. Битта нарсага ишонинг ва эслаб қолинг: ўзим ҳаммангизни интервью беришга чақираман!”,—дейди хонанда “Uzbekistan airways” журналига берган интервьюсида. 

Маълумот учун, Севара Назархон “Миллий тв” телеканалининг очилиш маросимига бағишлаб суратга олинган кўрсатувда иштирок этди. Кўрсатув 1-сентябрь куни эфирга узатилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!