Тошкентдаги дўконлардан бирида “эзгулик” пештахтаси пайдо бўлди

16:28, 26 август

Тошкентнинг Авиасозлар бозори қаршисида жойлашган «Лукошко» дўконига ташриф буюрувчилар қизиқарли янгилик — «эзгулик» пештахтасини учратиши мумкин. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.

“Агар бугун егулик харид қилиш имкониятингиз бўлмаса, ушбу пештахтадаги маҳсулотларни текинга олинг. Агар бирор муҳтож кишига ёрдам бериш истагингиз бўлса, маҳсулотларнинг қийматини тўлаб, уларни мазкур пештахтада қолдиришингиз мумкин”, — деб ёзилган маҳсулотлар пештахтаси юқорисидаги эълонга.

Дўкон директорининг маълум қилишича, бу хайрли ташаббусни харидорлар кўтаринки руҳ билан қарши олган. Пештахта жуда кам ҳолатларда бўшаб қолади. Уни энг зарур маҳсулотлар — нон маҳсулотлари, ёрмалар, шакар, консерва ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдириб турувчи кишилар доим топилмоқда.

Савдо марказига ташриф буюрувчи пенсионерлар кўпинча егуликларни текинга олишга тортинади. Шунда дўкон ходимлари уларга кўнгилли харидорлар шунчаки ёрдам беришни истаётганлигини тушунтирмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!