Италия қирғоқларидан бир сутка давомида 6,5 минг нафар қочоқ қутқарилди

14:30, 30 август

Италия қирғоқларини қўриқловчи хизмат ходимлари Сицилия бўғозида бир сутка давомида 40 та қутқарув ишларини олиб бориб, фалокатга учраган 6,5 минг нафар қочоқни ўлимдан қутқарди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Сўнгги тўрт кун мобайнида  Ливия ва Италия оралиғидаги денгиз қирғоқларида патруль хизматини ўтаётган кемалар 10 мингга яқин қочоқни ажал комидан қутқарган. Махсус операцияларни ўтказишда Италия ҳарбий денгиз кучлари, қирғоқ қўриқчилари, Европа Frontex чегара агентлиги ҳамкорликда иш олиб борган. 

Frontex раҳбари Фабрис Лежжерининг маълумот беришича, 2016 йилнинг бошидан бери Евроиттифоқ ҳудудига 360 мингдан зиёд нолегал муҳожирлар кириб келган. Унинг сўзларига қараганда, Италия қирғоқларига ҳар куни 750 нафар, Греция ҳудудига эса 50 нафар нолегал қочоқлар кириб келмоқда. “Улар қайиқларга кўпчилик бўлиб мингани боис, манзилга етмай, чўкиб кетишмоқда. Бу нарса қурбонлар сонини оширмоқда. Бундан ташқари контрабандачилар қайиқларига етарли даражада ёқилғи қуйишмайди”, деди Лежжери. 

Қочоқлар минган қайиқлар Ливия ҳудудидан чиқиши биланоқ фалокат сигналини беради. “Одамларнинг чўкаётганини хотиржам кузата олмаймиз, дарров ёрдамга отланамиз. Бошқа томондан эса ноқонуний равишда одам ташиётган қайиқчиларнинг жинояткорона йўл тутаётганини оқламаймиз. Бу борада мувозанат сақлашнинг ўзи қийин нарса”, деб таъкидлади Лажжери.

Ўртаер денгизи йўналиши — муҳожирларни Европага етказишнинг энг асосий йўлларидан биридир. Болқон (Туркия ва Греция орқали) йўналишининг ёпилганлиги сабали муҳожирларнинг Евроиттифоққа Шимолий Африка ва Италия орқали кириб келиши кучайиб, қочоқлар оқими кўпайган. 2014 йилдан бери бу йўналишда  6000 нафар қочоқ ҳалок бўлди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!