Дубай амири иш вақтида жойида бўлмаган 9 нафар амалдорни вазифасидан четлатди

15:05, 30 август

Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ва Дубай амири шайх Муҳаммад тўсатдан ўтказилган текширув вақтида иш жойида бўлмаган юқори мансабли 9 нафар амалдорни ишдан бўшатди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри. 

Якшанба куни эрталаб, шайх Муҳаммад ҳукумат идораларида, Дубай аэропортида, иқтисодий ривожланиш ва ер масалалари билан шуғулланувчи департаментда тўсатдан текширув ўтказди. БАА да бошқа мусулмон мамлакатлари каби, жума дам олиш, якшанба эса ҳафтанинг биринчи куни ҳисобланади. 

Бир қанча ҳукумат идораларини айланган шайх Муҳаммад амалдорларнинг иш жойларида йўқлигини кўрган. Эртаси куни шайх Муҳаммад 9 нафар амалдорни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ берган. Уларнинг орасида ҳуқуқий масалаларни ҳал этувчи департментнинг ижрочи директори, аппарат маъмурияти директори, бош директор муовини ва уларнинг бир қанча ёрдамчилари бўлган. 

Шайх Муҳаммад уларни ишдан бўшатиб, “Келажак авлод раҳбарларига ривожланишнинг келгуси босқичида масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиш бўйича” ибрат намуналарини кўрсатмоқчи бўлган. БАА бош вазири ишдан бўшатилган амалдорларга келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб, шу пайтгача қилган хизматлари учун миннатдорчилик билдирган.

67 ёшли шайх Муҳаммад 2006 йилдан бери Дубайга раҳбарлик қилиб келади. У шахсан бир қанча — шу жумладан Emirates авиа юк ташувчи компаниясининг, машҳур Бурж-ал- Араб меҳмонхонасининг, Пальма оролларининг иқтисодий ривожланишида етакчилик қилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!