Марғилонда “Атлас байрами” бўлиб ўтади

10:29, 31 август

Шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Марғилонда иккинчи «Атлас байрами» фестивали бўлиб ўтади. ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонасида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди, деб хабар бермоқда ЎзА. 

Тадбир ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Бадиий академия, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, «Ҳунарманд» уюшмаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, «DVV International» филиали ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан ташкил этилмоқда. 

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, «Ҳунарманд» уюшмаси раисининг ўринбосари Лутфия Мирзаева, «Ucell» компаниясининг корпоратив коммуникациялар бўйича директори Родика Вербенюк ва бошқалар миллий ҳунармандлик ўзбек халқи маданиятида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Давлатимиз томонидан ҳунармандларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган анъаналар сақланмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

«Атлас байрами» фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир. 

Жорий йилда фестиваль дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади. 

Шунингдек, «Ўзбекистон тўқимачилиги ва барқарор ривожланиш» мавзусида давра суҳбати, «Марғилон осмони остида» ва «Жаҳон тўқимачилиги: Ғарб ва Шарқ» кўргазмалари ташкил этилади. Фестиваль доирасида «Ҳунармандлар шаҳарчаси» деб номланган амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси, «Девзира» ош танлови ҳам ўтказилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!