“Орзу лайнери” Ўзбекистонга илк парвозини амалга оширди

14:52, 31 август

2016 йилнинг 31 август куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясида BOEING 787-8 Dreamliner самолётини кутиб олиш тантанали маросими ўтказилди. Ушбу тантанага авиакомпания жамоаси кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрди.

Dreamliner (“Орзу лайнери”) самолёти Ўзбекистон республикаси Миллий авиакомпаниясининг ҳисоб бўйича 66 эксплуатант самолёти ҳисобланади. AmeriCares билан ҳамкорликда амалга оширилган илк рейсда мамлакатимиздаги касалхоналар, она ва бола клиникалари, реабилитация марказлари ва меҳрибонлик уйлари учун инсонпарварлик ёрдами сифатида турли зарурий дори-дармонлар олиб келинди.

Тадбирни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК бош директори Валерий Тян кириш сўзи билан очди: “Dreamliner самолётининг мамлакатимизга илк парвози Boeing компанияси билан 1996 йилдан бери давом этиб келаётган ҳамкорликнинг янги истиқболли босқичига қадам қўйилганидан дарак беради. Сентябрь ойидан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг йўловчилари BOEING 787-8 Dreamliner самолётида парвоз қилганда янги таассуротларни, ўзгача ҳис-туйғуларни бошдан кечиришидан жуда ҳам мамнунмиз. Бу самолёт мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўёнасига ажойиб совға бўлди”. 

Шундан кейин Ўзбекистон республикаси бош вазирининг ўрибосари Рўзиқулов У.У. сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлади. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ҳам барчани мустақиллик байрами билан қутлаб, бу ҳамкорликдан мамнунлигини таъкидлади. 

Замонавий, янги лайнер Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллига муносиб совға бўлди. Самолётни Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг экипажи: йўриқчи Иосиф Зак, МАК учувчилар мажмуаси янги Вoeing 787-8 учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов ҳамда авиакомпаниянинг бош штурмани Станислав Гурфинкель бошқарди. Сиэтлдан Тошкентгача 12 соатга яқин давом этган узлуксиз парвоз муваффақиятли равишда бажарилди. Dreamliner ни Вoeing корпорациясининг заводидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Бош директорининг ўринбосари Геннадик Харлап ва “Uzbekistan airways technics” авиакорхонасининг эксплуатация бўйича директор ўринбосарлари Андрей Маргачёв ва Валерий Косовлар қабул қилиб олдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!