Ҳеч бир даврда ўтказилмаган Ижтимоий сўров натижаси – Ўзбек халқи Ислом Каримов билан

15:24, 02 сентябрь

Очиғи, (айниқса сиёсий масалаларда) қуруқ маддоҳликни, тилёғламаликни жиним суймайди. Одатда бу «ҳунар» билан бошқа ишни қойил қила олмайдиганлар, «ичи пуч», иккиюзламачи одамлар шуғулланади, деган ишончим бор. Шу сабаб қуйида ёзилганларни ўзи яшаб турган юрт тақдирига бефарқ бўлмаган оддий фуқаронинг кузатишларидан ортиқ баҳолаганлар ўз қалбининг қоралигидан домангир бўлсинлар.

Ҳеч кимга сир эмаски, ривожланган ғарб жамиятида сиёсий арбобларнинг нуфузи, рейтингини баҳолаш бўйича электорат ва фуқаролар орасида махсус сўровлар ўтказувчи тузилмалар фаолият олиб боришади. Деярли кунда, кун ора эфирга узатилаётган АҚШ Президентлигига номзодларга нисбатан сайловчиларнинг ҳар бир «праймириз»дан кейинги кайфияти, мойиллигидаги ўзгаришларни кўрсатиб бераётган янгиликлар бунга ёрқин мисол.

Лекин, охирги 4 кун ичида ҳеч ким атайлаб ташкил қилмаган, ҳеч ким ўз ихтиёри билан иштирок этмаган, натижаси ҳеч қандай рақамларда акс этмаган, ва ҳеч кимнинг устунлигини белгилаб бермаган шундай сўровнинг гувоҳи бўлдикки, Оллоҳ шоҳид, бунақасини камдан-кам кўрамиз...

Гап нима ҳақида бораётганини англадингиз. Президентимиз Ислом Каримовнинг бетоблиги эл-юрт дилидаги шундай яширин ҳисларни, ҳолатларни юзага чиқардики, эътибор қаратмасликнинг ўзи иложсиз нарса. Мана Сизу биз гувоҳ бўлиб турган баъзи мисоллар: Юртимизнинг барча чеккаларида, шаҳару қишлоқларида миллионлаб оналаримизнинг кунига уч карра дастурхон устидаги якдил дуоси юртбошимизнинг саломатлиги бўлиб қолди. Кўча-куйда, гоҳ бозорда, гоҳ гузарда суҳбатлар орасида гувоҳи бўлаётганимиз минглаб одамларнинг аламли кўз-ёшлари, энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳам ҳеч кимнинг кўнглига чинакам ёруғлик олиб кира олмаётгани, ёшу қарининг кўзларига ҳадик, ҳавотир ва ташвиш тўлгани ҳам – барча-барчаси ҳеч бир муболағасиз бор гап. Бу ноҳуш хабар барчани, айниқса оддий, камтарин ҳаёт кечирувчи, ўртаҳол одамларнинг дилини ҳуфтон қилди,

Бу шундай ижтимоий сўров бўлдики, унга деярли ҳамма бир овоздан, қатъий жавоб берди. Бу жавобнинг номини истасангиз “ишонч”, истасангиз “эътиқод”, истасангиз “меҳр”, истасангиз “муҳаббат” денг, лекин натижа ўзгармайди. Ислом Каримов халқнинг ишончига, суянган тоғига, борлиғига айланиб бўлганини ҳаммамиз кўрдик, гувоҳи бўлдик.

Халқнинг жавоби, собит ишончи шу бўлдики, Ислом Каримов ҳақли равишда:

― Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, таянчидир.

― Мамлакатимиз худудида тинчлик ва тотувликнинг гарови.

― Халқ бошини бир қила олган, мақсадлар йўлида бирлаштира олган раҳбар.

― Кўпчиликнинг кўнглини топа олган, халқ дардини тушунган сиёсий арбоб.

― Юртимизнинг ижтимомий-иқтисодий ривожланиши, барқарор тараққиёти раҳнамоси.

― Элу юртни ёруғ келажакка ишонтира олган, руҳлантира олган етакчидир...

Мен булар орасида энг муҳими халқни бирлаштириш, ўзаро якдил ва ҳамжиҳат қилиш деган бўлардим. Бу давлат раҳбари ўз олдига қўйиши мумкин бўлган вазифалар орасида энг мураккаби, энг мушкули бўлса ажаб эмас.

Яқин ўтмишда бундай натижага эришган миллат етакчилари бармоқ билан санарли. Мустафо Камол Отатурк, Жорж Вашингтон, Махатма Ганди, Нельсон Мандела... Дарҳол ёдимга келган арбоблар шулар бўлди... Қолгани Сиздан.

Сўзим сўнггида ожиз ҳитобим шулки, халқимизга бирлик, бирдамлик неъматини бера олган инсонга миннатдорлигимизни билдиришдек бурчимиз ҳам қиёмат қарз бўлиб қолмасин.

Азизлар, келинг, шу муштипар ҳалқимиз, қалби булоқ сувидек пок, бағри далаларидек кенг, содда, танти Ўзбегим ҳаққи-ҳурмати, дуода бўлайлик! Илоҳим, яратган унинг илтижосини, ўтинчини, пок ниятини жавобсиз қолдирмасин, ноумид қилмасин!

Раҳимберди Мамаюсупов
Манба: Sharh.uz

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!