Самвел Бабаян: Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилишимиз керак

09:02, 06 сентябрь

Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичи иккинчи тур ўйинлари доирасидаги Қатар – Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг дастлабки қисмида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди, дея маълум қилмоқда ЎФФ. 

“Жаҳон чемпионати саралаши доирасида эртага бизни жиддий ўйин кутиб турибди. Қатар терма жамоаси таркибида савияли футболчилар анчагина. Рақиб ўйинини яхши ўрганган ҳолда, эртанги асосий вазифамиз ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш қилишдан иборатдир”, дея сўз бошлади Самвел Бабаян.

“Биринчи турда биз ҳақиқатдан ҳам қийин ўйин ўтказдик. Бир қанча вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Қатар терма жамоаси ўйинига келсак, улар Эрон билан ўйинда камида бир очкони қўлга киритишлари лозим эди. Рақибдан ҳеч бир жиҳатда кучсиз бўлмади. Баъзи вазиятларда Эрондан яхшироқ ҳаракат қилди. Аммо футболда хатолар кўп нарсани ҳал қилади. Ўша ўйинда ҳам шундай бўлди. Эртанги ўйин ҳақида тўхталсак, биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилишимиз керак. Умид қиламанки, жамоа футболчилари юқори профессионализм намойиш этиб, энг яхши ўйинини намойиш этади”.

“Биз рақибни яхши ўрганиб чиқдик. Улар ўтказган расмий ва ўртоқлик ўйинларини кўрдик. Бу жуда савияли жамоа. Ҳар қандай жамоа ҳам сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориши мумкин. Эронга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида гол ўтказиб юборгани бу жамоанинг заиф эканини кўрсатмайди. Аммо биз асосий эътиборимизни ўз ўйинимизга қаратамиз”, – деди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!