Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари музокара ўтказди

11:52, 06 сентябрь

Қирғизистон Республикаси бош вазири Сооронбай Жээнбеков 3 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни дафн этиш маросимига ташрифи доирасида бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар бермоқда

Сооронбай Жээнбеков Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ўзбек халқига  Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев номидан таъзия изҳор этди ва Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ва халқаро майдонларда ўз ўрнига эга бўлишида Ислом Каримовнинг алоҳида хизматларини эътироф этди. 

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президентига мамлакат ва халқ учун оғир кунларда қўллаб-қувватлагани учун ва Сооронбай Жээнбековга Ислом Каримов билан видолашув маросимида қатнашгани учун миннатдорлик билдирди.

Бош вазирлар учрашув давомида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболлари, транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!