Ҳаж ибодатига йўл олган зиёратчиларимизнинг охирги гуруҳи Мадинага етиб келдилар

12:01, 06 сентябрь

Ўзбекистондан Ҳаж ибодатига йўл олган зиёратчиларимизнинг охирги гуруҳи ҳам Тошкент - Мадина йўналиши бўйлаб Мадинаи мунавварага соғ ва саломат етиб келдилар. 

Ҳозирда Макка ва Мадинада бўлиб турган ҳожиларимиз ҳажнинг асосий арконларини адо этиш учун тайёргарлик кўрмоқдалар, дея хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати. Маълумки, Зулҳижжа ойининг 8-куни зиёратчиларимиз Мино водийсига йўл оладилар. Мино водийси Маккадан 5-6 км масофада жойлашгандир. 9-куни эса, ҳажнинг фарзларидан бири Арафот водийсида ҳозир бўлиб турадилар. Бу ерда Ҳажнинг вожиб амалларидан бири — шайтонга тош отиш бажарилади. Бу масканда ҳожилар бир муддат дунё ҳою-ҳавасларини унутишга ҳаракат қиладилар. 

Ўзбекистонлик ҳожиларимиз ҳам Зулҳижжа ойининг саккизинчи тунида ҳажни ният қилиб, меҳмонхонада эҳромга кирадилар. Ҳамманинг кийими бир хил икки парча оқ матодан иборат бўлиб, Аллоҳ таоло олдида ўзининг хокисорлигини изҳор этади. Шундан сўнг, юртдошларимиз яна Мино водийсига йўл оладилар. У ерда ўзларига ажратилган чодирларга жойлашиб, дуо ва ибодат билан машғул бўладилар. Муфассирлар Қуръони каримдаги “Саноқли (маълум) кунларда Аллоҳни (кўпроқ) зикр қилингиз!” (Бақара сураси, 203-оят) ояти карима Зулҳижжа ойининг Мино водийсида туриладиган кунларига ишора борлигини тафсир қилишган. Шунинг учун бу ерда қилинган ибодатларнинг савоби улуғ ва дуолари мустажобдир. Бундан ташқари, ҳожилар уламоларимиз томонидан қилинган мавъизаларни завқ билан тинглаб, қалблари тақво билан зийнатланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!