Шаҳобиддин Зоиров: Президентимиз биз ёшларга худди ота фарзандига ишонгандек ишонарди

09:25, 08 сентябрь

Юртдошларимиз мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, бу буюк инсон ишлаб чиққан узоқ йилларга мўлжалланган дастурларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиш, бу ғояларга содиқ бўлиш ҳақида қалб сўзларини билдирмоқда, деб ёзади ЎзА.

Шаҳобиддин Зоиров, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби:

– Президентимиз ёшлар билан учрашганда ҳар бирини бағрига босиб, уларнинг буюк келажак барпо этишига ишонишини таъкидларди. Ҳа, Президентимиз биз, ёшларга худди, ота фарзандига, бобо неварасига ишонгандек ишонарди.

Биз, ёшлар ҳам Юртбошимизга суянардик, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар бир айтган сўзи, ҳар бир иши бизни руҳлантирар эди. Ана шундай меҳр ва эътибор туфайли ўзбек ёшлари дунё майдонига чиқди, кўксини кериб, дунёнинг манаман деган давлати спортчилари билан тенгма-тенг беллашишга қодир эканини исботлади.

XXXI ёзги Олимпиада олтин медалини қўлга киритдим. Бу медалимни она Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга бағишладим. Бу ғалабам юксак баҳоланиб, Юртбошимизнинг 2016 йил 24 августдаги фармони билан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирландим.

Президентимиз Ислом Каримовнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз ва бунга жавобан кейинги Олимпиадалар ва нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграши учун куч-ғайратимизни аямаймиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!