Ягона портал орқали мурожаатларни юборишда электрон рақамли имзодан фойдаланиш мажбурий бўлади

12:41, 08 сентябрь

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига асосан, электрон мурожаатларни Ягона портал орқали юборишда электрон рақамли имзо (ЭРИ)дан фойдаланиш мажбурийлиги белгилаб қўйилган.

Жисмоний шахслар томонидан ЭРИ олиш жараёнини соддалаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Янги технологиялар илмий-ахборот марказининг “Электрон рақамли имзони олиш учун ариза юбориш” янги интерактив хизмати ишга тушурилди.

Ишга туширилган хизматга мувофиқ, жисмоний шахслар аризани юборганидан ва ЭРИ учун тўловни амалга оширганидан бошлаб 5 кун ичида аризанинг кўриб чиқилганлиги бўйича ижобий ёки салбий натижа ҳақида Ягона порталдаги “Фойдаланувчи кабинети”га хабарномани қабул қилади. Ижобий натижа олинганида, жисмоний шахслар паспортининг асл нусхаси ва USB флеш-картаси билан яқин орадаги туман Давлат солиқ инспекциясига соат 9:00 дан 18:00 гача душанбадан жумагача ЭРИ сертификати ва калитини олиб кетиш учун ташриф буюришлари лозим.

Жисмоний шахсларга қулайлик яратиш мақсадида тўловни Click ва U-Pay тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш белгилаб қўйилган. Эслатиб ўтамиз, ариза юборилганидан бошлаб 3 кун давомида ЭРИ калитини олиш учун тўлов амалга оширилиши шарт, акс ҳолда аризани кўриб чиқиш рад этилади. Тўлов миқдори тўлов амалга ошириладиган кунга мувофиқ энг кам иш ҳақининг 10% ини ташкил қилади.

Шу билан бирга, 2016 йилнинг 12 сентябридан бошлаб Ягона портал орқали мурожаатларни юборишда ЭРИдан фойдаланиш мажбурийлигини маълум қиламиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!