Шаҳрам Ғиёсов: Президентимизнинг номини абадий қалбимизда сақлаймиз

13:16, 08 сентябрь

Юртдошларимиз мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, бу буюк инсон ишлаб чиққан узоқ йилларга мўлжалланган дастурларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиш, бу ғояларга содиқ бўлиш ҳақида қалб сўзларини билдирмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Шаҳрам Ғиёсов ҳам Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислоим Каримов хотирасини ёд этиб қалб сўзларини билдирди.

– Ҳар сафар бирор хорижий давлатга мусобақага борганимизда, у ерда узоқ қололмаймиз. Мусобақа тугаши билан жонажон Ўзбекистонимизга шошамиз. Чунки жаннатмонанд Ватанимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган ишлар қилиндики, натижада ўтган йигирма беш йил ичида юртимиз дунёдаги энг тинч-осойишта давлатга айланди, халқимиз бахтли ва фаровон ҳаёт кечирмоқда, орзу-умидларининг рўёбини кўрмоқда. Бунинг учун мустақиллигимиз асосчиси Президентимиз Ислом Каримовдан миннатдормиз. У кишининг хотираси қалбимизда абадий яшайди. 

Президентимиз билан кўришишни болалигимдан орзу қилардим. Телевизорда у кишининг спортчиларни бағрига босиб қўйишини кўрганимда ҳавасим келарди. Шу боис спорт билан жиддий шуғулландим. Мен ҳам чемпион бўлиб, Юртбошимиз билан кўришаман, деб ният қилганман. 

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ярим финалга чиққанимда ҳам медални нақд қилганим учун эмас, ана шу орзуимнинг ушалишини ўйлаб, хурсанд бўлгандим. Олимпиадада медаль олсам, Президентимизнинг кўксига тақиб қўяман, деб ўйлагандим. 

Олимпиадада бизнинг юксак ғалабамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг дунёдаги энг кучли жамоа, деб эътироф этилиши ҳам Юртбошимизнинг спортчиларга қаратган эътибор ва ғамхўрлиги, яратган кенг шароит ва имкониятлари туфайлидир. 

Юртбошимиз Бразилияда қўлга киритган ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан мени «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонига муносиб кўрди. Биз, ёшлар Президентимизнинг номини абадий қалбимизда сақлаймиз, ҳар доим бу буюк инсоннинг ишончига муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!