Самарқанд божхоначилари учувчисиз учар қурилмаларни олиб кириш бўйича 6 та ҳолатни аниқлади

15:47, 08 сентябрь

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2016 йил 25 июлга қадар «Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости орқали учувчисиз учар қурилмаларни олиб кириш бўйича 6 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда “Зарафшон” газетасига асосланиб, “Дарё” хабар бермоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисида»ги қарори билан учувчисиз учиш аппарат (дрон)ларини республика ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

Фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 майдаги қарори билан зарурат туғилган ҳолларда айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари мазкур қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишига рухсат берилиши кўзда тутилган.

Аммо бугунги кунда айрим фуқаролар томонидан чет элга вақтинча ишлаш ёки сафарга бориб қайтаётганларида яқинлари ва фарзандларига болалар учун ўйинчоқ сифатида қайд этилган кузатув камерали ва камерасиз учувчисиз учиш аппарат (дрон)ларини олиб келиш ҳолатлари кўпайган.

Масалан, жорий йилнинг 1 июль куни Внуково—Самарқанд йўналишида келган фуқаро А.Раҳматовга тегишли бўлган қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 1 дона учувчисиз учиш аппарати борлиги аниқланган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона органи томонидан маъмурий ишлар юритилиб, суд қарори билан қурилмалар давлат фойдасига мусодара қилинди ва ҳуқуқбузарларга жарималар қўлланилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!