Музейлар ўқувчи-ёшлар, талабалар ва томошабинларга бепул хизмат кўрсатди

11:35, 09 сентябрь

2-8 сентябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб Музейлар ҳафталиги ўтказилди.

Юртимизда ёшларни халқимизнинг бебаҳо маданий мероси, миллий ва умумбашарий қадриятлар, илм-фан ёдгорликлари, санъат асарлари билан яқиндан таништириш, уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, деб ёзади ЎзА. 

Фан ва маданиятни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшларда ватанпарварлик, тарихимиз ва буюк аждодларимиз мероси билан фахрланиш туйғусини кучайтириш мақсадида Музейлар ҳафталиги ўтказилди. 

Истиқлол йилларида мамлакатимизда музейлар фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, уларнинг моддий-техник базаси яхшиланди. Шу даврда бунёд этилган Темурийлар тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Термиз археология музейи сингари даргоҳлар халқимизнинг улкан бунёдкорлик ва маънавий салоҳиятини намоён этиб турибди. Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларимизда қайта таъмирланиб, янгича қиёфа касб этган музейларда айни пайтда халқимиз тарихи ва маданиятига оид кўплаб экспонатлар сақланмоқда. 

Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида 2-8 сентябрь кунлари ўқувчи-ёшлар, талабалар ҳамда томошабинлар учун музейларда экспозиция ва кўргазмалар ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Эндиликда барча давлат музейлари ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари болалар ва ота-оналарга бепул хизмат кўрсатмоқда. 

Музейлар ҳафталигида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган дарслар, «Мустақил юрт ижодкорлари», «Истиқлолга тенгдош ижодкорлар», «Мустақиллик берган бебаҳо неъмат», «Устоз ижодкорларга эҳтиром», «Ўзбек либослари жилоси» каби кўплаб кўргазмалар очилди. «Ҳунарлининг қўли олтин» мавзуида маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, уста-ҳунармандлар билан учрашувлар, илмий-амалий семинарлар ташкил этилди. 

Кўргазмаларда истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқ ва марралар, мамлакатимизнинг салоҳияти ва қудрати, унинг халқаро майдонда нуфузи тобора юксалиб бораётгани ранг-баранг экспозициялар орқали намойиш этилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!