Жиззахда яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди

12:40, 09 сентябрь

Жиззах шаҳрида яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратишга қаратилган доимий эътибор юксак самаралар бермоқда. 

Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги собиқ олимпия ўринбосарлари мактабини ихтисослаштирилган спорт мактабига айлантиришда унинг бино ва иншоотлари тўлиқ янгиланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 565 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. “Сўғдиёна” спорт мажмуасидаги яккакураш спорт турларига мўлжалланган спорт зали ҳам янги мактаб тасарруфига ўтказилди. Янги бино ва мажмуадаги замонавий спорт заллари, хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланди, мунтазам шуғулланиш учун барча қулайлик яратилди. 

Айни пайтда мактабда мингдан зиёд ўқувчига олтмишга яқин мутахассис белгиланган жадвал асосида спорт сирларини ўргатмоқда. Энди бу ерда халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имконияти ҳам мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида мактабда яккакураш спорт турлари бўйича 17 марта мамлакат ва вилоят миқёсидаги мусобақалар ўтказилгани фикримиз исботидир. 

 Мактабда ўқувчиларнинг маҳоратини ошириш мақсадида шаҳар, вилоят, мамлакат миқёсидаги турнирларда қатнашиш баробарида, йиллик тақвим режасига асосан гуруҳлар ўртасида саралаш мусобақалари мунтазам ўтказилади. Жорий йилнинг ўтган даврида спортнинг бокс, таэквондо, ўзбек жанг санъати каби турлари бўйича вилоят ҳамда мактаб очиқ биринчилиги ўтказилди. 

Яккакураш спорт турларига ёшларнинг қизиқиши ортиб бораётгани, таълим тизимини такомиллаштириш талаби моддий-техник базани мустаҳкамлашни ҳам узлуксиз жараёнга айлантирмоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мактабда яккакураш спорт турларига мўлжалланган қўшимча спорт иншооти қурилиши бошланди. Айни пайтда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Янги спорт зали мактабнинг имкониятларини янада кенгайтиради

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!