Ўзбекистон U-16 терма жамоасини Осиё чемпионатига кузатиш маросими ўтказилди

15:18, 09 сентябрь

Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси анжуманлар залида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига кузатиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати.

15 сентябрда бошланадиган қитъа биринчилигига Ўзбекистон U-16 терма жамоаси 9 сентябрь тунида йўл олади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбарияти ўсмирлар терма жамоаси делегацияси билан учрашди.

Тадбирда Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов, Ўзбекистон Футбол Федерацияси бош котиби Сардор Раҳматуллаев, ЎФФ терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва Ўзбекистон U-16 делегацияси иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги иштирокини 17 сентябрь куни Таиландга қарши ўйин билан бошлайди. Гуруҳ босқичида, шунингдек, Шимолий Корея ҳамда Яман тўсмирлар терма жамоалари Олимхўжаев бошчилигидаги жамоага рақиблик қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!