Хосе Мария Мендез: Барчага "сюрприз" тақдим этмоқчимиз

08:11, 10 сентябрь

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Колумбиянинг Кали шаҳрида Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистонлик футзалчилар Калидаги "Колизео Эль Пуэбло" спорт мажмуасида биринчи расмий машғулотини ўтказди. Машғулотдан сўнг бош мураббий Хосе Мария Мендез ва жамоа сардори Артур Юнусов биринчи тур ўйинидан олдинги матбуот анжуманида иштирок этишди, деб хабар беради ЎФА матбуот хизмати. 

Артур Юнусов: "Биринчи мақсадимиз - гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш. Ушбу мақсадга эришиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз".

Хосе Мария Мендез: "Бизни аутсайдерлар қаторида кўришмоқда, аммо бу нарса бизга қўл келиши мумкин. Гуруҳимиз кучли, лекин биз барчага "сюрприз" тақдим этмоқчимиз. Муваффақиятли иштирок, Ўзбекистонда футзални янада ривожланишига туртки беради. Мен шогирдларимга ишонаман. Панама кучли жамоа, аммо биринчи ўйин жуда муҳим ахамиятга эга. Ғалаба биз томонда бўлади деб умид қиламан".

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси биринчи турни Калидаги "Колизео Эль Пуэбло" спорт мажмуасида Панамага қарши ўтказишади. Учрашув маҳаллий вақт билан 10 сентябрь куни 18:00 (Тошкент вақти билан 11 сентябрь 04:00)да бошланади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!