Миллий театрнинг янги 102-мавсуми бошланди

12:17, 10 сентябрь

Ўзбек Миллий академик драма театрининг янги 102-ижодий мавсуми очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирга ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, театр фидойилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, санъат мухлислари таклиф этилди, дея хабар беради ЎзА. 

Тадбир аввалида иштирокчилар мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Театр жамоаси илк бор 1945-1948 йилларда Уйғун ва Иззат Султон асари асосида «Алишер Навоий» спектаклини намойиш этган. Ушбу драмага театр ижодий жамоаси қайта-қайта мурожаат этиб, мазкур асар бир неча марта саҳна юзини кўрди. 

– Улуғ бобомиз асарларида улуғланган ғоялар замонлар оша долзарблиги, инсониятни мудом покликка, эзгуликка, маънавий камолотга ундаши билан қадрлидир, – дейди спектакль режиссёри Рустам Ҳамидов. – «Алишер Навоий» драмаси кенг мазмуни, чуқур фалсафий ғояси, образларининг ранг-баранг ва тўлақонлилиги, ёшлар учун тарбиявий аҳамияти билан ажралиб туради. Спектаклда Навоийнинг беназир шоир, улуғ мутафаккир экани билан бирга тинчликни сақлаш, жамиятдаги осойишта муҳит барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий адолатни ўрнатиш, юртни обод этиш, мадрасалар, шифохоналар, кўприклар, боғлар барпо этиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларини акс эттиришга астойдил интилдик. 

Спектаклда Навоий ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, Гули ролини Дилноза Кубаева ижро этмоқда. Шунингдек, асосий ролларда Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Саидкомил Умаров ва бошқа артистлар ўйнамоқда. Ранг-баранг саҳна безаклари, ўша даврни акс эттиришга хизмат қилувчи декорациялар, лазерли ёритиш технологиялари спектаклнинг таъсирчанлигини ошириш имконини берди. Спектаклда бастакорларимиз Икром Акбаров, Нурилла Зокиров, Мустафо Бафоев, Рустам Абдуллаев асарларидан кенг фойдаланилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!