Ўзбекистон ўсмирлар термаси ўртоқлик ўйинида Австралияга мағлуб бўлди

11:09, 12 сентябрь

15 сентябрда старт оладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетган Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Ҳиндистонда Австралия билан ўртоқлик учрашуви ўтказди.

ЎФФ расмий сайтининг маълум қилишича, 9 сентябрь тунида Ҳиндистонга йўл олган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Дели орқали Гоа шаҳрига 10 сентябрда, тушдан кейин етиб борди. Бугун, 11 сентябрь куни эса жамоа Австралия ўсмирларига қарми ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Темур Олимхўжаев бошчилигидаги жамоадан голларга Хумоюн Абдусатторов ҳамда Абубакр Мўйдинов муаллифлик қилишди. Абдусатторов учашувнинг 20-дақиқасида ўз ҳисобига гол ёзиб қўйган бўлса, Мўйдиновнинг голи 65-дақиқада киритилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионати финал босқичининг “D” гуруҳидан ўрин олган. Ушбу гуруҳда уларга Шимолий Корея, Таиланд ва Яман жамоалари қаршилик қилади. Ўзбекистонликлар турнирни 17 сентябрь куни Таиландга қарши ўйин билан бошлайди.  

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионати гуруҳ босқичидаги ўйинлари тақвими:

17 сентябрь: Ўзбекистон – Таиланд (19:30)

20 сентябрь: Яман – Ўзбекистон (15:30)

23 сентябрь: КХДР – Ўзбекистон (18:30)

*Ўйинлар бошланиши Тошкент вақти билан кўрсатилган

Ўртоқлик учрашуви

Ўзбекистон - Австралия 2:3

Ўзбекистон голлари: Хумоюн Абдусатторов (20), Абубакр Мўйдинов (65)

Ўзбекистон таркиби: Хожиакбар Жўраев, Ислом Каримов, Муҳаммадали Намозов, Шохзамон Хайруллаев, Нурсултон Куйлибоев, Бурхон Ҳасанов, Ғайрат Азизхўжаев, Хумоюн Абдусатторов, Абдулхай Исмоилов, Шухрат Неъматов, Иброҳим Ғанихонов

Захира: Абдувоҳид Неъматов, Жасурбек Умрзоқов, Мардон Абдуллаев, Абубакр Мўйдинов, Ихтиёр Холдоров, Абдуғани Комолов, Расул Йўлдошев, Асадбек Собиржонов, Остон Ўрунов, Бахромжон Соатов, Ғайрат Азизхўжаев, Дониёр Абдуманнопов.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!