Парламент халқ номидан, унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда иш кўриш ваколатига эга

14:42, 13 сентябрь

Жорий йилнинг 8 сентябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига юклаш тўғрисидаги ўта муҳим қарорни қабул қилди.

Мазкур қабул қилинган қарорнинг ҳуқуқий жиҳатларига ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлари номзоди И.Рустамбеков ойдинлик киритди:

— Муҳтарам Юртбошимизнинг вафоти ҳар биримиз учун кутилмаган оғир мусибат бўлди. Бироқ, парламентдаги 8 сентярдаги қарори мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда чиқарилган, қонуний асосга эга қарор деб ҳисоблайман. 

Бош Қомусимизнинг 7-моддасида  халқ ҳокимиятнинг бирдан-бир манбаи экани, Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилиши айтиб ўтилган. 

Конституциямизнинг 10-моддасида эса, Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкинлиги қайд этилган. 76-моддада эса, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Бу каби моддалардан кўриниб турибдики, парламент халқ номидан, унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда иш кўриш ваколатига эга. Шундай экан, парламентнинг 8 сентябрдаги мазкур қарори ҳам том маънода қонуний асосга эга. 

Хорижий тажрибага кўра, Президентлик лавозими бўшаб қолган тақдирда уни қуйидаги шахслар вақтинча эгаллаши мумкин:

1) вице-президент (АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Колумбия, Коста-Рика, Нигерия),
2) бош вазир (России, Украина, Тунис),
3) парламент ёки унинг палаталаридан бирининг раиси  (Германия, Франция, Венгрия, Польша, Грузия, Монголия, Покистон, Исроил).

Юқордагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, юқорида тилга олинган қарор миллий ва халқаро қонунчилик меъёрларига ҳар тарафлама мос келади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!